Ўзбекистон | 10:54 / 06.07.2017
28886
2 дақиқада ўқилади

Комилов: Ўзбекистон КХШТга қайтмайди

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар мамлакат ҳудуди ташқарисидаги тинчликпарвар ҳаракатларида иштирок этмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро Пресс-клубда ўтказаётган жонли мулоқотда баёнот берди.

Вазир бу масала Республика Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган Ташқи сиёсат концепциясида ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловдан кейинги илк маърузасида ҳам таъкидланганини эслатиб ўтди.

Шунингдек, Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га қайта аъзо бўлмаслигини ҳам қайд этди.

“Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзолигини қайтадан тиклаш режамизда йўқ.  Бу масала Президентимизнинг Россия Федерациясига уюштирган расмий ташрифи чоғида ҳам муҳокама қилинмаган”, деди ТИВ вазири.

Вазирнинг қайд этишича, бу масалани келгусида ҳам қайта кўриб чиқиш режада мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, мазкур жонли мулоқотда Ўзбекистон Республикасининг 47 хорижий мамлакатдаги элчихоналари раҳбарлари ҳам онлайн видеоконференция воситасида иштирок этди.

Мавзуга оид