Спорт | 16:40 / 16.07.2017
11517
2 дақиқада ўқилади

Ўйин вақтида пирог еган инглиз дарвозабонига айблов эълон қилинди

Англия футбол ассоциацияси (FА) "Саттон Юнайтед"нинг собиқ дарвозабони Уэйн Шоуни "Арсенал"га қарши кубок ўйини вақтида букмекерлик бозорига таъсир кўрсатганликда айблаб чиқди.

FA’дагиларнинг баёнотига кўра, Шоу телевизион камера объективига тушиш учун ўйин чоғида атайлаб пирог истеъмол қилган. Ўйин арафасида букмекерлик идораларидан бири "Шоу ўйин вақтида пирог еб, телетрансляция кадрига туша оладими?" деган 9,0 коэффициентли дов (ставка) бўлган.

Интизом қоидаларига кўра, футболчилар дов тикишлари ва бўлажак ўйин тафсилотларини ошкор этишлари мумкин эмас. Бироқ Шоу бундай дов борлигини олдиндан билган ва ассоциацияга кўра, бу ҳақида дўстларига улар пул тикишлари учун хабар берган.

125 кило вазнга эга дарвозабонни FА жаримага тортиши мумкинлиги ҳақида ўйиндан кейиноқ маълум бўлиб улгурган эди. "Саттон Юнайтед" ҳам букмекерлар бозорига таъсир ўтказгани учун Шоу билан шартномасини бузган. Ўшанда у унинг айрим дўстлари дов ёрдамида ҳазиллашмоқчи бўлишгани билан тушунтириш берган эди. "Балким, шундан сўнг улар ўйин чиптаси учун қилган харажатларини қоплашгандир", — деган эди дарвозабон.

FA Шоуни бирйўла икки қоидани бузганликда айблаб чиққан: у дов бозорига таъсир ўтказган ва ўйин вақтида ўзини рисоладагидек тутмаган. Уни энди пул жаримаси ва дисквалификация кутмоқда. Ҳозирча Шоу бу айбловларга жавоб бермаган.

Февраль ойида Англиянинг бешинчи дивизиони клуби "Саттон Югайтед" "Арсенал"га қарши ўтказган учрашувдан сўнг оғизга тушган эди. Жамоа нафақат хўппа семиз 45 ёшли дарвозабони билан, шунингдек ночор молиявий аҳволи, эскириб кетган стадиони ва унинг сифатсиз газони билан машҳур бўлган эди.

Мавзуга оид