Иқтисодиёт | 15:35 / 26.07.2017
41684
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк автокредитлар тўхтатилгани сабабига ойдинлик киритди

Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистондаги тижорат банклари томонидан қисқа муддатга тақдим этила бошланган автокредитлар нима учун тўхтаб қолганига доир савол янгради. Бу масала Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Саидкамол Хўжаев қуйидагича жавоб берди:

“Биринчидан, автокредит деган тушунча нотўғри бўлади. Сабаби: банклар жалб қилинган маблағлар ҳисобидан кредит беради. Айтайлик бир йиллик ресурс жалб қилинса, бир йиллик кредит беради ёки 10 йиллик ресурс жалб қилса, 10 йиллик кредит тақдим этади. Айтмоқчиманки, кредит беришга жалб қилинган ресурслардан келиб чиқиб кредитлар берилади. Банкларда автокредитлар бериш ёпилди, деган саволга нима дейиш мумкин? Банкларимизда йил бошидан кредитлар кўп ажратилди ва ҳисоб-китоблар қилинганидан сўнг, баъзи банклар узоқ муддатли кредитлар беришни қисқартиришди. Автокредитлар ҳам 3 йилга бериладигани учун узоқ муддатли ҳисобланади. Шунинг учун айрим банкларимиз бу йўналишдаги ишларини тўхтатишган. Лекин, мендаги маълумотларга кўра, автокредитлар тақдим этишни давом эттираётган банклар ҳам бор”, - деди Саидкамол Хўжаев.

Шу ўринда сессия модератори Шерзодхон Қудратхўжаев бу масалага нисбатан ўз фикрини билдириб, йил бошида йирик кредитлар тақдим этилгани, ҳар бир соҳада маблағ аяб ўтирилмаганини қайд этар экан, айни вақтда кредитлар берилиши қисқартирилгани, экспертлар билан маслаҳатлашувлардан сўнг амалга оширилаётганини очиқ айтиш зарур эканини таъкидлади. Унинг айтишича, буларнинг барчаси республикада валюта либерализацияси билан бевосита боғлиқ ва мазкур ҳолат қисқа муддатлидир. 

Мавзуга оид