Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонунини кенг муҳокама қилиш доирасида Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қатор таклиф ва мурожаатлар келиб тушди. Шу сабабдан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вазиятга ойдинлик киритди.

Қонун лойиҳасининг мақсади фуқаролик, хизмат ва жанговар қурол ҳамда уларга ўқ-дориларнинг республика ҳудудида айланмаси соҳасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш саналади, шу сабабдан унинг асосий қоидалари қуйидагиларга йўналтирилган:

– қуролни харид қилиш, тақиб юриш ва ишлатишга ҳуқуқи бўлган давлат органлари, юридик ҳамда жисмоний шахслар тоифаларини аниқлаш;

– турли давлат идоралари ҳамда ташкилотларнинг қуролнинг маълум бир турларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланишга нисбатан ваколатларини аниқ чегаралаш, хусусан, ҳарбий тузилмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа куч тузилмалари, шунингдек, юридик шахслар томонидан уларга фуқароларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғи, мол-мулки, табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, қимматбаҳо ҳамда хавфли юклар, махсус ёзишмаларни ҳимоя қилиш бўйича қўйилган вазифаларни бажариш чоғида;

– республикада жамоатчиликка катта хавф уйғотиши мумкин бўлган қурол ҳамда ўқ-дори турларининг айланмасига чеклов ўрнатиш (травматик, пластик қурол, катта қувватга эга пневматик ва газ қуроли, радиофаол нурланиш, биологик омиллардан фойдаланилган қуроллар ва ҳ.к);

– қурол айланмаси соҳасида фаолият олиб боришнинг лицензион-рухсат берувчи тартибини ўрнатиш, шунингдек, бу соҳада тегишли давлат идораларининг ваколатлари;

– ишлаб чиқарилувчи ҳамда олиб кирилувчи қурол ва ўқ-дориларни мажбурий сертификациядан ўтказишни ташкил этиш, қурол ҳамда ўқ-дориларни олиб қўйиш учун аниқ асосларни аниқлаш;

– қурол ва ўқ-дориларнинг экспорт-импорти, олиб кирилиши-олиб чиқилиши, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ёки республика ҳудудида халқаро шартномалар асосида вақтинчалик жойлашган хорижий делегациялар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўлланилувчи қурол айланмаси тартибини тасдиқлаш.

Шу билан бирга, таъкидлаб ўтиш лозим, қонун лойиҳаси билан фуқаролар томонидан ўқотар қуролга фақатгина ов ва спорт (ов жамиятлари ва спорт клубларининг ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтган аъзолари) билан шуғулланиш учун эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш назарда тутилган. Шунга кўра, жисмоний шахслар томонидан жамоатчиликка катта хавф туғдирадиган ўқотар қурол ва бошқа қурол турларини ўзини ўзи мудофаа қилиш мақсадида харид қилишга йўл қўйилмайди.