2016 йилнинг 23 сентябрида “Кун.uz” интернет нашрида чоп этилган “36 саволга 36 жавоб ёхуд сифат муҳимми ёки натижа?” мақоласини бугун ўқидим. Ушбу мақола ёзилишига сабаб бўлган куюкиш, фидокорликни қадрлайман. Лекин кеч бўлсада, лўнда қилиб шуни айтаманки, натижа муҳим...

ОТМга киришдаги тест саволларининг мураккаблиги, баъзида эса ҳаттоки, танланган йўналиш учун мутлақ аҳамиятсиз экани нуқтаи назаридан ҳам, натижа муҳим...

Қуйироқда сифат ҳақида ҳам айтиб ўтаман, ҳозир эса натижа ҳақида:

Энг содда мисол, спортнинг ҳар бир турида натижа муҳим... Чагаев Валуевни натижа туфайли ютган - ҳамма уни қадрлади... Футболимизда баъзи ўйинларда сифат кўринган эди (Бабаяндан олдинроқ), лекин оқибат натижасизликка етаклагач, ҳозир терма жамоадагилар: бош мураббий Бабаяндан тортиб, штаб аъзоларию футболчилар ёвдек кўринади биз учун, уларга ишонмаслигини ҳеч ким яширмайди.

Энди тестга қайтамиз:

Оддий мисол, Информатика фанига оид Информатика ахборот технологиялари ва Информатика ўқитиш методикаси йўналишларида информатикадан савол йўқ. Физика, математика, она тили ва адабиёт - учта блокда жойлашади. Бухгалтерия йўналишида эса бухгалтерия ҳақида мантиқий савол ҳам йўқ. Ҳаммасидан ўтиб тушадигани шуки, тестларни ўқувчи тугул ўша репетиторлар, ОТМдаги, коллеж-лицейлардаги домлалар ечишга қийналади. Айрим мисоллар соатлаб вақт олади. Бунақа мисолдан 36 савол ичида камида 7-10 тагача топилади. Вақт эса - 12-20да тугайди. Бу математика саволлари холос. Она тили ва адабиётдаги мураккаблик асабни эговлашдан бошқа нарса эмас. Қайси “олимлар” ўйлаб топган бу фаннинг кейинги эволюциясини!? Фан цивилизацияга эришиб, шунчалар мукаммалашиб, майдалашиб кетдики, уни ўрганиш учун ўша олимлар калласига келган фикр 19 ёшли болага ҳам келиши керак экан. (Мактаб дастурида эса 8-9-синф ўқувчилари ўрганишга мубтало этилган ўша мураккабликни) Ҳа, майли, шу тестларни охирида ечаман десангиз, улгурмайсиз. Камида, 21 балл (математиканинг ўзида) ютқазасиз... Таваккал қилиш эса, ҳамма нарсани мавҳумликка тортиб кетаверади. Мандат деганлари чиққанда ўқишга киролмаган одам, қайсини тўғри ечдим, қайси нотўғри, деб ўйланиб қолаверади. (Апелляция, дейсизми? Э, қўйсангизчи, кўрмадим, эшитмадим бирор ким аппеляциядан хурсанд чиққанини...)

Нима демоқчиман: ўқувчи ёшлар билими сифатсиз кўринишига уларга ўргатилаётган фаннинг икир-чикирлари, мавзуларнинг мураккаблиги сабабчи, тестлар эса ҳаддан зиёд мураккаб, ҳақиқий вундеркиндлар учун мўлжалланган.