Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Халқ таълими вазирининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган Алишер Саъдуллаев Навоий вилоятида оддий халқ ҳаёти билан танишмоқда.
Лавозимга сайланган кунларда ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини ўчириб юборгани учун танқидга учраган ёш вазир ўринбосари айни вақтда Facebook ижтимоий тармоғида очилган саҳифаси орқали фаолиятини батафсил ёритмоқда. У айни кунларда Навоий вилояти туманларида бўлиб турибди.
«Томдилик отахон менинг сафаримни туб маънода ўзгартириб юборди. Кеча уст-бошимни алмаштириб, оддий халқ билан мулоқот қилишга отландим. Кунимни айнан шу иш билан бошлашга аҳд қилгандим!», — деб ёзган Саъдуллаев.
У Навоий вилояти Томди туманига борганида ёлғиз, ёрдамга муҳтож , 70 ёшга кирган фарзандсиз отахонни учратгани ҳақида ёзади. У атрофдагилари ўзини чалғитиб, отахондан эътиборини тортишга ҳаракат қилишганини, аммо уларнинг бу ҳаракатлари иш бермаганини ёзади.
«Аслида бу отахонни мактабларни айланиб юрган вақтимда деразадан кўриб қолдим. Буни пайқаган шу ерликлар мени чалғитмоқчи бўлишдими, тезда мени гапга солишди, аммо уларнинг барчасидан ўша ерда қолиб мени кутишларини сўрадим. Яқинлашиб ҳол-аҳвол сўрадим, отахон бир неча йилдан бери бўксаси синганлиги туфайли аранг ўзи мустақил оёққа тура олади. Буни кўриб чидаб тура олмадим ва туман ҳокими муовинини чақиришларини сўрадим. Ажабланарлиси, улар бу отахон ҳақида билмас эмишлар!!! Шундай бўлсада, бу отахонга ижтимоий ёрдам кўрсатилиши такидлаб ўтилди! Отахоннинг ҳамма маълумотларини олдим ва ҳоким муовини билан келишиб олдик! Аслида барчамиз шундай жойларга бориб, шу каби мазлумларимизнинг ҳолидан хабар олишимиз шарт!», деган вазир ўринбосари.

Алишер Саъдуллаев бошқа бир куни ота-оналарнинг ёзги таътилда болалари билан қандай ишлаши ёки уларни нима билан банд қилишларини ўрганиш учун яна бир оилага борганини ёзади.
«Мўъжазгина, камтарин бир хоналик «уйда» уч фарзандли оила истиқомат қилаётганини кўрдик. Улар бу уйда вақтинчалик янги уй қураётгани туфайли туришганини айтишди. Мен эса табиийки ишонмадим, бизнинг халқ жуда ҳам андишали ва сабрли халқ. Ҳар нарсани ҳам юз бетлаб айтаверишмайди! Шундан сўнг, болалар билан суҳбат қурдим. Оиланинг катта фарзанди (Айгерим исмли 11 ёшли қизча) жуда зеҳнли ва зукко чиқиб қолди. Бор муаммоларини бирма-бир тап тортмай айтиб берди! Албатта Халқ таълими ҳам ота-оналарнинг фарзандлари тарбияси билан шуғулланишини жуда хоҳлайди, чунки намунали одоб, хулқ ва фитратга, ота-она тарбияси пойдевор бўлади! Афсуски, кўпчилигимиз рўзғор ва бошқа ташвишлар билан бўлиб, энг муҳим жиҳатни (фарзанд тарбиясини) ёддан чиқарамиз! Шу масалада бу оилага ҳам қўлимиздан келганча ёрдам берайлик деб, яна туман мутасаддиларига юзландик! Уларнинг айтишича, тез кунда бу муаммони ҳал қилса бўлади! Ҳал қиламиз ҳам! Ахир шу халқимизку бизни энг оғир кунимизда ҳам қўллаб-қувватлайдиган, сабр қиладиган. Энг муҳими бизнинг халқимиз ҳамиша умид билан яшайди! Нима бўлганда ҳам, яхшиликка йўйишади ва келажакка ишониб яшашади! Балким ғалати туюлар менинг бу оҳангда ёзишим ёки кўрган-кечирганларимни ёритиб боришим, аммо бу одамлар шу каби инсонларнинг бор-йўғи икки ёки уч нафаридир! Биз бирлашсак, бунданда кўпроқ одамларга ёрдам бера оламиз!



















