Жаҳон | 17:10 / 03.08.2017
11939
2 дақиқада ўқилади

Британиялик хонанда Трамп образини яратгани туфайли АҚШдан депортация қилинди

Peter & The Tube Babies мусиқий гуруҳи аъзоси бўлган Питер Буватерснинг маълум қилишича, у АҚШ чегара назорати ходимлари томонидан қўлга олинган ҳамда мамлакатдан депортация қилинган. Унинг сўзларига кўра, бунга унинг Германияда ўтган йилги турнеда Қўшма Штатлар президенти Дональд Трампнинг образида чиқиш қилгани сабабдир. Бу ҳақда «Би-би-си» хабар бермоқда.

Унинг айтишича, АҚШга ўз гуруҳи билан Punk Invasion фестивалида иштирок этиш учун келганида, чегара хизмати ходими томонидан тўхтатилган. Артист олти соатлик сўроқдан сўнг Лондонга парвоз қилувчи самолётга кузатиб қўйилган.

«Менга экранда ўтган йилги Германия турнесидаги видеони кўрсатишди. Унда мен Дональд Трамп каби кийиниб олгандим», - деди Буватерс.

Сўроқ жараёнидан сўнг унинг телефони, паспорти олиб қўйилган ва ДНК намунаси олинган. Самолёт Буюк Британияда қўнгач унга мобиль телефони ҳамда паспортини қайтариб беришди.

Аввалроқ АҚШ грин-карта лотереяларидан воз кечиши мумкин экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид