Жамият | 17:12 / 04.08.2017
12826
4 дақиқада ўқилади

Очиқ гап: “Маънавиятга зарар етказганларни аямаймиз”

Иллюстратив фото

2017 йилнинг 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари оммавий ахборот воситалари мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Бугунги кунда уларда ёритилаётган ахборотларнинг холис ва ҳаққоний бўлиши лозимлигига алоҳида тўхтаб ўтилди. "Бугунги кунда зиёлилар даврасида енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радио станциялар кўпайиб бораётгани тўғрисида ҳақли эътирозларни эшитиш мумкин”, - деган давлат раҳбари.

Ўтказилган мазкур видеоселектор юзасидан Матбуот ва ахборот агентлиги раҳбари Лазиз Тангриев ўз муносабатини билдирар экан, жумладан, шундай деди: "Бир пайтлар ёш ёзувчи ёки шоир асар ёзса, уни эълон қилишдан олдин ўйланиб қоларкан: “Бу ёзганимни ўқиб, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбеклар нима деркин. Устозлардан балога қолсамчи”, деган андишага бораркан. Ҳозирги маза-матрасиз мақолалар, шеъру ҳикояларни кўриб, хашаки ёзувчиларда уят, инсоф йўқмикан, деб қоласан.

Турли хусусий газета-журналлар, нашриётлар ижод маҳсулларининг савияси пастлиги, бадиий саёзлиги одамни хавотирга солади. Бунга сабаб соғлом, холисона танқиднинг, дўстона аччиқ гапнинг, устозлар насиҳатининг етишмаётганидир.

Бу ҳақда Президентимиз 3 август куни зиёлилар билан бўлган учрашувда ҳам куюниб гапирдилар. Бу соҳанинг тижоратлашувига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, дедилар".

"Нега биз дўкондан сифатсиз, муддати ўтган маҳсулот олсак, сотувчи билан ёқа бўғишамизу маънавиятимизга зарба бераётган, саводсизликни урчитаётган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган хусусий оммавий ахборот воситалари ва нашриётларга миқ этмаймиз", деб ёзади Лазиз Тангриев.

Унинг маълум қилишича, бундан кейин Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бундай “ишбилармонлар”га қарши аёвсиз кураш олиб боради. Энди уларга “қонунни бузманг”, деган юмшоқ ва сип-силлиқ тақдимномалар юбориб, огоҳлантирилмайди, аксинча, қилётган номаъқулликларини кўрсатиб, халқ, жамоатчилик олдида изза қилинади.

"Юртбошимиз айтганларидек, бу балога қарши жамоатчиликни уйғотмасак, бир жаҳолатга ўн маърифат билан жавоб бермасак, у кун сайин мадда бойлаб бораверади.

Шу кундан бошлаб Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги соҳа қонунларини менсимайдиган, миллий қадриятларимизни оёқ ости қиладиган, пул топаман деб журналистика шаънига доғ туширадиган қўштирноқ ичидаги “ҳамкасбларимиз”га қарши муросасиз кураш олиб боради.

Айримлар бор. Журналистикадан мутлақо йироқ. Ҳатто касбининг тайини ҳам йўқ. Тижоратда ўзини у тошга уради, бу тошга уради-да, омади чопмаса шундай дейди: “Ҳамма ишни қилиб кўрдим, энди бир газета ёки нашриёт очиб кўрай”. Ахир эркинлик ниқоби остида мўътабар ижод бўстонини пайҳон қилишга, муқаддас қалам обрўсини ерга уришга унга ким ҳуқуқ берди.

Маънавиятимизнинг дўсти киму душмани ким халқимиз очиқ билсин", дейди Лазиз Тангриев.

Эслатиб ўтамиз: 2017 йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Матбуот ва ахборот агентлигига Лазиз Тангриев бош директор этиб тайинланган эди

 

Мавзуга оид