Баъзи одатларимиз ҳаётимизга қанчалик зарар етказиши мумкинлигини ҳатто сезмай ҳам қоламиз. Тартибсизлик, барча ишга биттада киришиш истаги ва хабарларга дарҳол жавоб беришга интилиш бизнинг ишдаги самарадорлигимизга сезиларли таъсир кўрсатади. "Лайфхакер" ишдаги самарадорликка халақит берувчи тўрт одат ва улардан қандай қутулиш мумкинлигига доир маълумотлари билан бўлишди.
1. Ҳар беш дақиқада хабарларга чалғиш
Биз бир кунда ўртача тўрт соатни телефонда ўтказамиз, бу вақт ичида тахминан 85 та хабар йўллаймиз. Бу қўрқинчли эшитилиши мумкиндир, бироқ ҳар сафар хабарга жавоб бераётганимизда биз диққатимизни бўламиз ва ўз самарадорлигимизга зиён етказамиз.
Нима қилиш керак?
Ҳар беш дақиқада чалғимаслик учун хабарларни ўчириб қўйинг ёки муайян вақт, масалан бир соат давомида телефонни текшириш одатидан воз кечишга уриниб кўринг. Шунда жорий ишлардан камроқ чалғийсиз.
2. Кўпинча "ҳа" деб жавоб бериш
Агар ҳамма нарсага рози бўлавериб, бирйўла бир неча ишга киришсангиз, уларнинг биттасини ҳам сифатли бажара олмайсиз. Натижада ҳақиқатда қизиқ иш билан шуғулланишга вақтингиз қолмаслиги мумкин.
Нима қилиш керак?
Сизга "янги лойиҳа" таклиф қилишганида "ҳа" деб жавоб беришга шошилманг. Бу сизнинг қисқа ва узоқ муддатли мақсадларингизга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ўйлаб кўринг. Агар янги топшириқ эскисини бажаришга ҳалақит берса, ундан воз кечган маъқул.
3. Ишларни тартибсиз олиб бориш
Албатта, иш жойидаги тартибсизлик - даҳолик белгиси, деб ўйлаш ёқимли. Аслида эса у самарадорликка халақит беради, зеро бунда сиз бир топшириқдан бошқасига ўтишингиз ва нимада тўхтаганингизни ўйлаб ўтиришингизга тўғри келади.
Нима қилиш керак?
Жисмоний ва рақамли тозалаш ишларини ўтказинг. Ўз вазифаларингизни қандай тақсимлаётганингиз ва улар устидан қандай назорат олиб бораётганингиз ҳақида яхшилаб ўйлаб олинг. Лойиҳаларни бошқариш жиҳозлари (Basecamp, Trello, Asana), шунингдек эслатма ва рўйхатлар тузиш иловалари (Evernote, Dropbox Paper)дан фойдаланишга ҳаракат қилиб кўринг. Барча вазифаларингизни тартибга келтириб, уларни муҳимлигига қараб босқичларга ажратиб чиқинг.

















