Маълумки собиқ иттифоқдош республикалардаги туркий тилли давлатлардан Озарбойжон ва Туркманистон давлатлари ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларида лотин алифбосига ўтишини эълон қилиб, янги алифбога ўтишни тўлиқ якунлаб, айни кунларда янги имлодан бемалол фойдаланишмоқда.
Уларда алифбога қандай ўтилган? Алифбо якуний кўринишга келгунга қадар қай тартибда такомиллаштириб борилган? Келинг, шулар ҳақида қизиқарли маълумотлар билан танишсак.
Туркманистон тарихида илк лотинча алифбо — Яналифга СССРдаги барча туркий халқлар сингари 1928 йилнинг 3 январидан ўтилган. Унгача туркманлар ҳам араб алифбосидан фойдаланишган. 1929 йилдан бошлаб барча соҳаларда Яналифга тўлиқ ўтилган.
1940 йилнинг 1 июлидан кирилл ёзувига ўтилган ва 2000 йилга келиб тўлиқ муомаладан чиқарилган.
Аа, Бб, Вв, Гг, Дд, Ее, Ёё, Жж, Җҗ, Зз, Ии, Йй, Кк, Лл, Мм, Нн, Ңң, Оо, Өө, Пп, Рр, Сс, Тт, Уу, Үү, Фф, Хх, Цц, Чч, Шш, Щщ, Ъъ, Ыы, Ьь, Ээ, Əә, Юю, Яя
Мамлакат мустақилликка эришгач, дарҳол лотин ёзувига ўтиш ҳаракатлари бошланган ва 1992 йили алифбонинг дастлабки варианти қабул қилинган. 19 август куни эълон қилинган лойиҳадан қуйидаги ҳарфлар ўрин олган:
Aa, Bb, Cc, Dd, Ee, Ea ea, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Jh jh, Kk, Ll, Mm, Nn, Ng ng, Oo, Qq, Pp, Rr, Ss, Sh sh, Tt, Ts ts, Uu, Vv, Ww, Xx, Yy, Zz.
Айниқса, q — ө, v — ү, x — ы товушларини билдириши билан бу алифбо бироз ноқулай эди.
1993 йилнинг январида Туркманистон фанлар академияси алифбонинг янги вариантини эълон қилди:
Aa, Bb, Çç, Dd, Ee, Ää, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, £ſ, Kk, Ll, Mm, Nn, Ññ, Oo, Öö, Pp, Rr, Ss, $¢, Tt, Uu, Üü, Ww, Yy, ¥ÿ, Zz.
Сапармурат Ниязов бошчилигида ўзгартирилган алифбода фунт-стерлинг, доллар, иена каби пул белгиларини билдирувчи символлар ҳам бўлгани кишини ҳайратга солади. Туркманистоннинг 1993 йилда чиққан илк миллий валютасида ҳам BA$ ¥ÜZ MANAT каби ёзилган.

2000 йилда ушбу алифбога Žž, Şş, Ňň, Ýý ҳарфлари киритилиб, 17 йил давомида ўзгартирилмасдан фойдаланиб келинмоқда.
Aa, Bb, Çç, Dd, Ee, Ää, Ff, Gg, Hh, Ii, Jj, Žž, Kk, Ll, Mm, Nn, Ňň, Oo, Öö, Pp, Rr, Ss, Şş, Tt, Uu, Üü, Ww, Yy, Ýý, Zz










