KUN.UZ таҳририяти Ўзбекистон Халқ таълим вазири Улуғбек Иноятов билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда вазирнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан 16 август кунги учрашуви ҳақида сўз юритилди, шунингдек, соҳага оид сўнгги ўзгаришлар, 10-синф масаласи ва бошқа кўплаб долзарб масалалар кўтарилди. Вазирнинг таҳририят журналисти билан суҳбатда айтишича, Президент билан бўлиб ўтган учрашувда вазирликнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати танқидий таҳлил қилинган, олдиндаги вазифалар белгилаб берилган.
Янги вазирлик ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев 16 август куни бўлиб ўтган учрашувда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишдаги камчиликларни очиб, халқ таълими тизимидан мактабгача таълим тизимини алоҳида вазирлик сифатида ажратиб чиқиш кераклиги, яъни, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш кераклиги, республикадаги 5 мингта боғчаларни ривожлантириш лозимлиги масаласини қўйди. Халқ таълим вазирлиги – бу жуда кенг кўламга эга вазирлик. Тизимда 775 минг ходим фаолият юритади. Бу тизимни бошқаришнинг мушкуллигини барча кўз олдига келтира олса керак. Ана шу нуқтаи назардан президентимиз бу алоҳида вазирлик бўлиши керак, мактабгача таълим тизими учун алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, деган масалани қўйдилар

Ўқитувчиларни меҳнатга жалб этиш
Ҳар бир инсон ўзининг уйини ўзи тозалаши, обод қилиши керак. Ҳар бир мактабда ишловчи ўқитувчи ва ўқувчи ўзининг мактабини обод қилиши керак. У ўзининг мактабини, ҳудудини, кўчасини тозаламаса, барча ер чиқинди бўлиб кетади-ку. Ўзи ўша ерда яшаб, ўша ерда нафас олади-ку. Мактабни обод қилиш жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга. Биз ўқувчиларимизда меҳнат кўникмасини шакллантиришимиз керак. Бу бутун дунёда қилинадиган иш. Сўнгги 5-6 йилнинг ичида мактаблар пахта йиғим-теримига умуман жалб этилмаган. Халқаро ташкилотлар бор, улар бунинг барчасини кузатиб туришади. Жамоатчилик, ота-оналар бор. Улар фарзандини ўқишнинг ўрнига, пахта даласига чиқартириб қўймайди. Бу қатъиян ман этилган. Энди айрим ўқитувчиларимизнинг дарсдан кейин чиқиб, ўзи учун маблағ ишлаши – марҳамат. Уйи даланинг олдида бўлса, бунинг ёмон жиҳати йўқ. Ўзбекистоннинг бойлиги учун чиқиб, ўзининг яна пул ишлаб олиш имконияти бор. Лекин мажбуран ҳеч ким бу ишга жалб этилмайди. Ҳар бир инсон ўзининг ҳуқуқи, мажбурияти, бурчини тушуниши керак. Ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини тушуниши лозим. Биз қайси замонда яшаяпмиз? Бор далага, деса, далага чопқиллаб чиқиб кетавермайди-ку. У олий маълумотли, зиёли ўқитувчи-ку. Ўзининг ҳақини талаб қила олади. Раҳбарлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларни тайинлаш бу фақат якка ҳокимликнинг вазифаси эмас. Туман раҳбари бу вазир ваколатида. Туман Халқ таълими бўлими раҳбари менинг буйруғим билан тайинланади, албатта, ҳокимликнинг тавсияси билан.












