Спорт | 12:15 / 21.08.2017
10861
2 дақиқада ўқилади

Мбаппе ҳам «Монако» машғулотларидан четлатилди

«Монако» ҳужумчиси Килиан Мбаппе Франция чемпионатининг учинчи тури доирасида «Метц»га қарши учрашув қайдномасига киритилмагани сабаблари маълум бўлди.

18 ёшли футболчи жамоадоши Андреа Раджи билан жанжаллашгани туфайли машғулотлардан четлатилган. Мбаппе машғулотни тарк этишни истамаган, шундан сўнг футболчилар бошқа майдонга кетиб, машғулотни давом эттиришган.

Франция чемпионатининг биринчи турида «Тулуза»га қарши ўйинда Мбаппе фақат 75 дақиқа ўйнаганди. Иккинчи турда «Дижон»га қарши кечган ва 4:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда у захирада ўтирди.

Қайд этиш керакки, ушбу ёш ҳужумчи ёзбўйи кўплаб клублар эътиборида бўлиб келмоқда. Бундан аввалроқ Мбаппе «ПСЖ»га ўтишга розилик билдиргани, энди парижликлар клуби «Монако» билан келишиши қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Эслатиб ўтамиз, бу ёзда трансферлар можаролари кўп содир бўлмоқда. «Боруссия» ва «Ливерпуль» футболчилари клублари «Барселона»дан келган таклифларни қайтаришгач, жамоа учун ўйнашдан бош тортишган. Шунингдек, «Саутҳемптон» ҳимоячиси Виргил ван Дейк «исён» қилмоқда. Унга «Ливерпуль» ва «Челси»дан жиддий қизиқишлар мавжуд, лекин «авлиёлар» нидерландиялик футболчисини сотишни истамаяпти.

Мавзуга оид