Жаҳон | 15:23 / 23.08.2017
4530
2 дақиқада ўқилади

Хитой бошқа мамлакатларга космонавтларни тайёрлашда ўз ёрдамини таклиф қилди

Хитой бошқа мамлакатларга космонавтларни саралаш ва уларни тайёрлашда ёрдам кўрсатишга, шунингдек улар билан Хитой орбитал станцияси дастури бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақида Хитой космик парвозлар дастури раҳбари ўринбосари ва мамлакатнинг биринчи космонавти Ян Ливэйнинг баёнотига асосланиб, "Чжунго жибао" газетаси хабар берди

Унинг сўзларига кўра, шу кунгача ўндан ортиқ мамлакат космонавтларни саралаш ва уларни тайёрлашда кўмак беришни сўраб Хитойга мурожаат қилган. Бу космонавтлар кейинчалик бўлғуси Хитой станцияси бортидаги қўшма тажрибаларда иштирок этиши кутилмоқда.

"Одатда хитойлик космонавтларни тайёрлаш машғулотлари учун бизда тўрт йил кетади. Чет эллик номзодни тайёрлаш муддати унинг шахсий хусусиятларидан келиб чиқиб фарқланиши мумкин", - дейди Ян Ливэй. 

"Тўрт йилдан кейин биз ўз станциямизга эга бўлар эканмиз, унда биз билан ҳамкорликда ишлашга қизиқиш билдирган давлатларнинг  машғулотларга киришиш вақти келди. Хитой бу дастурда ҳамкорларнинг иштироки ва космик кенгликдан тинчлик мақсадларида фойдаланишни қўллаб-қувватлайди", - дея таъкидлади у. 

Ян Ливэйнинг сўзларига кўра, Хитой ҳозир хорижий космонавтларни саралаш ва тайёрлашга доир стандартларни ишлаб чиқишга киришмоқда, сўнгги қарор эса ХХР олий раҳбарияти томонидан қабул қилинади. 

Мавзуга оид