Аввалги материалда уй олди-сотди жараёнини ҳужжатлаштириш хусусида сўз юритилган эди. Бу сафар ҳужжатлаштириш учун зарур бўлган маълумотномаларни тўплашдек мураккаб жараённинг ҳар бир босқичида юзага келадиган ҳолатларни бирма-бир кўриб чиқамиз, деб ёзади Norma.uz.
 
Демак, нотариал идора ходими сизга уй олди-сотди шартномасини тасдиқлатиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхатини бир парча қоғозга ёзиб, қўлингизга тутқазди. Рўйхатни олганингиздан кейин маълумотларни ўзингиз тўплайсизми ёки муайян тўлов эвазига сизга уларни йиғиб берадиган шахснинг номига ишончнома қилиб берасизми — шуни ҳал этишингиз керак. Ҳужжатларни тезда ўзим тўплаб олавераман-да, шуям иш бўпти-ю, деб ўйласангиз, адашасиз. Кўпгина хизматлар аста-секин электрон шаклга ўтиб, маълумотлар тўплаш жараёни электронлашиб бораётган бўлса-да, уй олди-сотдисини ҳужжатлаштириш борасида ҳозирча идорама-идора юриб, ҳужжат тўплашингизга тўғри келади. Биринчидан, жараён анчагина вақтингизни олади, йўлкира, таксига сарфланадиган пуллар билан бирга асабларингизни ҳам “ейди”. Барибир ўзингиз тўплашга қарор қилган бўлсангиз, қуйидаги маслаҳатлар асқатиши аниқ.
 
Ҳудудий кадастр бошқармасидан маълумотнома
 
Маълумотномани олиш учун кадастр бошқармасига:

•  кадастр ҳужжатининг асл нусхаси (уй режаси, олди-сотди (ҳадя) шартномаси ва турар жойнинг бошқа ҳужжатлари жамланган “китобча”);
•  уй эгасининг паспорти нусхаси ва асл нусхаси;
•  СТИР нусхаси (солиқ тўловчининг идентификация рақами) тақдим этилади.
 
Маълумотнома 3 календарь кун мобайнида берилади. У мутлақо бепул. Фақатгина идора вакили маълумотнома беришдан аввал уйингизга келиб, қоғоздагиларнинг ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини текшириб кетади. Агар уй тархини ўзбошимчалик билан ўзгартирган бўлсангиз (ерларни қўшиб олиш, қўшимча хоналарни қуриш, деворларни бузиш, ошхона жойлашувини ўзгартириш, ойналарни ғишт билан ёпиш), Вазирлар Маҳкамасининг 12.02.2009 йилдаги 41-сон “Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мутахассис ҳуқуқбузарликка йўл қўйилганлигини аниқлайди. Бу эса судда кўриладиган иш бўлиб, суд ноқонуний равишда қурилган иншоотларни бузиш, қоғозда кўрсатилган дастлабки ҳолатга келтириш ва мўмайгина бўлган маъмурий жаримани тўлаш ҳақида ажрим чиқаради. Буни ёддан чиқармаслик зарур.