Ўзбекистон | 12:10 / 25.08.2017
31491
2 дақиқада ўқилади

«Вилоятлик шахсларга ўхшаш». ИИББ расмий сайтидаги маҳаллийчилик ижтимоий тармоқда норозилик келтириб чиқарди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий сайтида қидирувдаги шахслар ҳақида хабар берилди. Унда Тошкент шаҳри аҳолиси ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларидан огоҳлантирилган ва бегона шахсларни хонадонга умуман қўймаслик, турли найранг, алдовларга ишонмаслик сўралган.

Хабарга сув ичиб олиш, йирик купюрадаги пулларни майдасига алмаштириб олиш, ҳожатини чиқариб олиш ёки телефон орқали қўнғироқ қилиб олиш баҳонасида уйларга кириб турли жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган, воқеа жойи яқинида жойлашган видеокузатув камерасига тушган шахслар суратлари келтирилган.

Гумондорлардан бирига тариф беришда «вилоятлик шахсларга ўхшаш» атамаси қўлланган.

«Ёши 35-40ларда, бўйи 170-175 см бўлган, сочлари қора, сийрак, олд тараф сочи тўкилган, ўрта гавдали, кийинишидан вилоятлик шахсларга ўхшаш, ўзбек ва рус тилларида яхши сўзлаша олади», дейилган эълонда.

Бу хабар дарҳол ижтимоий тармоқ фойдланувчилари норозилигини келтириб чиқарди. Фейсбукда ва твиттерда ИИББнинг расмий сайтида Ўзбекистон фуқароларини тоифаларга, шаҳарлик ва вилоятликка ажратилишини ҳақоратланиш сифатида қабул қилиб, бунга изоҳ сўрашмоқда.

«Вилоятлик шахсларга ўхшаш» иборасини қўллаш орқали маҳаллийчиликка йўл қўйган ходимга тегишли жазо кўрилиши ва расман узр сўралиши талаб қилинмоқда.

Мавзуга оид