Х.Ҳ. шу йилнинг 16 август куни Навоий вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбия олаётган икки ёшдан ошган қизини олиб келиш учун борганида, фарзандининг чинқириб йиғлаётгани устидан чиқади: қизча ерда ётар, боғча опаси эса уни турғизишга уринарди. Она, табиийки, жон ваҳмида сўрайди: “Қизим нега йиғлаяпти?”. Тарбиячи эса узр сўраш ўрнига онани ҳақорат қилади. Даҳанаки айтишув якунида у қизалоқнинг онасига қўлини пахса қилади: “қаерга борсанг – бор, қўлингдан келганини қил”. 

Facebook’даги “Халқ билан мулоқот” гуруҳида Ғайбулла исмли фойдаланувчининг хабар беришича, она дастлаб боғча мудирасига шикоят қилиш билан чекланади. Бироқ ўша кечаси қизалоқнинг иситмаси кескин кўтарилиб кетиб, туни билан алаҳлаб чиқади. Шифокорлар унга аниқ ташхис қўя олишмайди: “катта эҳтимол билан қўрқиш оқибатида бирор хасталикка чалинган бўлиши мумкин, сал кутайлик, белгилари аниқ бўлади”, дейишади. 

Сўнг қизалоқнинг онаси боғча тарбиячисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Мазкур мурожаат назоратга олиб ўрганилгач, унда кўрсатилган барча ҳолат ўз исботини топди. Шу боис мурожаат бўлган куннинг ўзидаёқ айбдор тарбиячи эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди.

Албатта, айбдор қилмишига яраша жазо олди. Бироқ қизалоқ ҳам, ота-онаси ҳам ҳамон стресс ҳолатидан чиқиб кета олмаяпти.

Фото: Facebook/Халқ билан мулоқот 
Фото: Facebook/Халқ билан мулоқот 

Илгарироқ ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида  катта ёшли “тарбиячи”нинг болаларни  қўрқитиш билан шуғуллангани акс этган видеолар минглаб юртдошларимиз қалбини ларзага солган эди. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарида шу мазмундаги мурожаатлар зудлик билан ўрганилиб, мурғак қалбларга қўрқув уруғини сочаётган кимсаларга қонун доирасида муросасизлик билан қатъий чоралар кўрилмоқда.

Яна бир жиҳат – яқинда ХПКнинг Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари билан бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов янги тартиб ва қонун-қоидага кўра энди болаларни 3 ёшдан мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш халқаро тажрибага асосланишини таъкидлади: “3 ёшгача болалар кўп касал бўлишади, жамоат жойларига кўникиб кетиши қийин кечади. Бу ёшда бола ота-онаси ёрдамида уйида таълим тарбия олса яхшироқ ижобий натижа беради. Тўғри тушунинг, 2 ёшли бола учун боғчага бориш жуда эрта. Бундан ташқари, болалар боғчаларининг вазифаси ёш гўдакларга қараш эмас, балки уларни тарбиялаш, таълим бериш. Шунинг учун биз бошқа давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиб, болаларни 3 ёшдан қабул қилишга қарор қилдик. Яъни, боғчага борадиган бола ўзига-ўзи хизмат қила оладиган бўлиши керак. 2 ёшли бола мустақил ҳожатхонага боролмайди, юз-қўлини юва олмайди, овқатлана олмайди”.