Ўзбекистон ҳукумат порталида Биринчи Президент Ислом Каримовнинг вафотига бағишланган мақола нашр этилди. Унда Ислом Каримов фаолияти ҳақида «Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари келтирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, ўз умрини элу юрт равнақига бағишлаган Ислом Каримов вафот этганига саноқли кунлардан сўнг бир йил тўлади.

Биринчи Президентимиз мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг фидойи, садоқатли фарзанди сифатида хотирамизда мангу яшайди.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотираси куни арафасида ўтказилган сўров бу инсоннинг мустақил давлатимиз ривожида тутган ўрни ҳақида ҳамюртларимизнинг фикрларини аниқлаш имконини берди. Унда мамлакатимиз ҳудудларида яшовчи турли миллатга мансуб аҳоли барча қатлами вакилларидан иборат 1100 киши иштирок этди.

Мустақил давлат асосчиси, бош меъмори

Ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, 25 йил давомида Ўзбекистон Президенти бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабарни кўп миллатли халқимиз чуқур қайғу билан қабул қилди. Бинобарин, Биринчи Президент мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун қадрдон ва азиз кишига айланган эди.

Ислом Каримов ўзининг кўп қиррали сиёсий фаолияти ҳамда олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. Сўровда ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги — 98,8 фоизи Биринчи Президентни мустақил давлатимиз асосчиси деб ҳисоблайди. Улар таъкидлаганидек, Биринчи Президент Ўзбекистон халқи учун янги давлатни барпо этишдек тарихий қарор қабул қилди ҳамда миллий тикланишнинг ўтиш давридаги масъулиятни ва машаққатни зиммасига олди.

Собиқ тузумдан ажралиб чиққан бошқа давлат раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Ислом Каримов ўз халқини қурбонларсиз ва «рангли» инқилобларсиз миллий тараққиёт йўлига бошлади. 96,5 фоиз респондент фикрича, Ислом Абдуғаниевич «Мамлакат ҳаётининг барча соҳасидаги ўзгаришларнинг бош ислоҳотчиси ва ғоявий илҳомчиси» эди. Унинг давлатимизни модернизациялаш бўйича ғоялари, фикру қарашлари мамлакатни барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққий топтириш стратегиясининг назарий ҳамда амалий асоси бўлди.

Шунингдек, мустақилликка эришилган пайтдан бошлаб Ўзбекистон Ислом Каримов раҳбарлигида Марказий Осиёдаги асосий давлат сифатида мустаҳкам қарор топди, ҳам ички сиёсатда, ҳам халқаро майдонда катта муваффақиятларга эришди, ўзини минтақадаги ва умуман, жаҳондаги хавфсизликнинг фаол тарафдори сифатида намоён қилди. Буни тадқиқотнинг 95,6 фоиз иштирокчиси қайд этган.