Йигирма йил аввал, 1997 йилнинг 15 сентябрида дастурчилар Ларри Пейж ва Сергей Брин Google қидирув тизими учун google.com доменини рўйхатдан ўтказишган. Инсоният тарихидаги энг муҳим IT-компаниялардан бирининг тарихи шундай бошланган. 

Таъкидлаш жоизки, Google бизнинг қидирув тизимларига бўлган муносабатимизни ўзгартирди. Бугунги кунда шуни ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Google — интернетдаги энг кўп ташриф буюрилувчи сайт. 

Google компанияси расман 1998 йилнинг 4 сентябрида Калифорния штатида, Менло-Паркдаги гаражда рўйхатдан ўтказилган. 

«Google» номи юзта нолли 1 рақамини билдирувчи «гугол» сўзидан келиб чиққан. Кундалик ҳаётимизда тобора кўп қўлланилиб бораётган «to google» («гугллаш» - излаш маъносини билдиради) феъли 2006 йилда Оксфорднинг инглиз тили луғатига киритилган. 

Мазкур қидирув тизими ўзининг оддий интерфейси билан интернет фойдаланувчиларини жалб қилиб келмоқда. 2000 йилда Google реклама сотувларини бошлади. Бошқа рақибларидан фарқли ўлароқ, Google Интернетнинг янги бозорига чиқишга муваффақ бўлди. 

2014 йилга бориб, Google 41 мамлакатда жойлашган 70 дан зиёд идорасига эга бўлди. 

Фото: Getty Images

2015 йилда компания қайтадан ташкил этилди: Google - Alphabet Inc'нинг шўъба компаниясига айланди ва интернетга тегишли бўлмаган баъзи савдо маркаларини мустақил филиалларга ажратди.  

Вақт ўтган сайин қидирув тизими ўзининг Gmail почтаси, Google Maps хариталари ва яна ўнлаб бир-бирига интеграциялашган маҳсулотлар билан бойиди. Зеро XXI аср қидирув тизими шунчаки қидирув тизимидан каттароқ аҳамиятга эга бўлиши керак - бу Google муваффақиятли ўзлаштирган яна бир сабоқ. 

2000-2002 йилларда NASDAQ фонд биржасининг инқирози компаниялар бозор қийматининг 5 триллион долларга пасайишига сабаб бўлди ва маълумотларга кўра, 2004 йилга келиб фақат 48 фоиз дотком-компанияларгина омон қолган. 

Google бу вазиятда нафақат омон қолди, балки инвесторларга IT-бозорга бўлган ишончни қайтарди. 2004 йилнинг 18 августида компания 1,67 миллиард долларни жалб қилишга муваффақ бўлди, бу - ўша пайтлар учун мисли кўрилмаган сумма. Стартапнинг бозор капитализацияси 23 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилди. 271 миллион акциянинг аксарияти Google тасарруфида қолди ва компаниянинг кўп ходимлари бир зумда миллионерга айланишди. Акцияларнинг ҳар бири 85 доллардан сотилган. Бугун эса компаниянинг бир акцияси деярли 950 долларни ташкил қилади.