2018/2019 ўқув йили бошлангунга қадар Ўзбекистоннинг ҳар бир тумани (шаҳари)да давлат рўйхатидан ўтказиш тартибига риоя қилган ҳолда мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган камида биттадан юридик шахс ташкил этилади. Бу Президентнинг «Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган.
Қарор шарҳида айтилишича, мустақиллик йилларида таълим соҳасида ёшларга замонавий билимларни бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига қаратилган туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол авлодни шакллантиришни ҳамда ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтариш, шу жумладан, чет тиллари, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби муҳим ва талаб юқори бўлган бошқа фанларни чуқурлаштириб ўрганиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган.
Хорижий тажрибалар давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат фуқароларнинг сифатли таълим олишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини кўрсатмоқда.
Шунинг учун ҳам бир қатор ривожланган хорижий мамлакатларда нодавлат таълим секторининг умумий ўрта таълимдаги улуши юқори бўлиб, Германияда 12 фоизни, Францияда 17 фоизни, АҚШда 18 фоизни, Буюк Британияда 20 фоизни, Испания, Ирландия ва Голландияда 30 фоизни ташкил этади.
Ҳозирги кунда республикада 43 та нодавлат умумий ўрта таълим мактаби тегишли лицензияга эга бўлиб, халқ таълими тизимидаги 9680 та мактабга нисбатан уларнинг улуши 0,4 фоизни ташкил этади. Нодавлат умумий ўрта таълим мактабларининг аксарият қисми (27 та) Тошкент шаҳрида жойлашган, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида бирорта нодавлат мактаби ташкил этилмаган.
Фаолият кўрсатаётган нодавлат таълим муассасаларидан 20 таси бошланғич таълим (1-4-синфлар), қолган 23 таси умумий ўрта таълим (1-9-синфлар) босқичларига мўлжалланган, улардаги 330 та синфда 6 мингга яқин ўқувчи таълим-тарбия олади (давлат мактаблари контингентига нисбатан 0,12%).

















