Грузиянинг собиқ президенти, Одесса вилоятининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили ўз тарафдорлари билан учрашиш мақсадида Киевга келди. Саакашвилининг брифинги Киев марказидаги президент маъмуриятининг биноси олдида хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда ўтди - полициянинг юздан ортиқ ходими маъмурият биноси жойлашган Банковский кўчасини тўсиб қўйди.

 

Украина президенти маъмуриятидаги нақд пул омбори бор

Саакашвилининг таъкидлашича, Украина президенти Петр Порошенко маъмурияти биносининг биринчи қаватида нақд пул омбори мавжуд.

"Улар (ҳукумат) пулни қандай арралашган бўлса, шундай арралашда давом этаверишади. Мана бу бино (президент маъмурияти биноси)нинг биринчи қаватида нақд пуллардан иборат бутун бошли омбор бор. Кейинги сафар ўша ерга борганингизда бир қизиқиб кўринг. Бу у қадар катта сир эмас", - деди Саакашвили сешанба куни Киевдаги брифингда. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари шу ҳақида хабар берди.

Саакашвили 10 сентябрь куни тарафдорларининг қўллаб-қувватлашлари остида "Шегини" пунктидаги чегара назоратидан ўтиб, Польшадан Украина ҳудудига киришга муваффақ бўлди. Унга нисбатан беш модда бўйича, шу жумладан одамларни чегарадан ноқонуний ўтказиш ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қаршилик кўрсатишни ташкиллаштиришга доир тергов иши қўзғатилган.

Фото: Глеб Гаранич/Reuters

Саакашвилининг сўзларига кўра, у чегарани кесиб ўтишда қонунни бузмаган ва судда ўзининг Украина фуқароси эканини ҳимоя қилиш ниятида. У ҳуқуқ ҳимоячилари тинтув пайтида унинг паспортини ўғирлаганликларини таъкидламоқда, бироқ полиция буни инкор этмоқда.

Саакашвилининг адвокати Украина миграция хизматига ўз ҳимояси остидаги шахснинг Украинадан Грузияга экстрадиция қилинишига йўл қўймаслик мақсадида давлатнинг қўшимча ҳимоясига муҳтож инсон сифатида тан олишни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

 

Саакашвили Украина фуқаролигини тиклаш  учун курашмоқчи

Михаил Саакашвили ҳеч қандай ҳужжатларга эга эмаслиги боис судда Украина ҳукуматининг уни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорига эътироз билдира олмаётганини қайд этди.