Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтаётган Ёпиқ иншоотлар ва жанг санъати бўйича V Осиё ўйинларининг 10-мусобақа куни бошланди.

Гарчи бугун турнир бошланганидан буён энг кўп — 39 комплект медаллар ўйналса-да, вакилларимиз иштирокидаги мусобақаларда финаллар кам. Шу сабабли медаллар рўйхатида пастлашимиз мумкин.

 

Спортчиларимизнинг бугунги кун тартиби қуйидагилардан иборат:

  • Соат 09:00 дан 12:30 гача боулингчиларимиз жамоавий мусобақада иштирок этишади.
  • Соат 09:00 дан 12:30 гача эркаклар ва аёллар шахмат жамоамиз рапид йўналишида дона суришади. 23 ёшгача бўлган эркаклар ва аёллар жамоамиз соат 16:00 дан 18:30 гача мусобақалашишади.
  • Соат 13:30 дан 18:00 гача рақс спорти бўйича вальс, Венс услубидаги вальс, секин фокстрот турларида вакилларимиз яримфинал, ундан ўта олишса финалда иштирок этишади.
  • Соат 10:00 да теннисчимиз Санжар Файзиев ҳиндистонлик Натаражан Вижайга қарши яримфиналда кортга чиқади.
  • Кикбоскчиларимиз пойнт файтингда Хумоюн Фармонов (69 кг) яримфиналда, Жаҳонгир Ҳусанов (79 кг) чоракфиналда, лоу кикда Жавоҳир Элбоев яримфиналда даврага чиқишади.
  • Самбочиларимиздан Раҳматжон Аҳмедов (57 кг) — 1/8 финалда Акмалиддин Каримов (Тожикистон),   Нуриддинжон Тилаволдиев (74 кг) — 1/8 финалда Юсуф Каримиён (Эрон), Истам Қудратов (74 кг) — 1/8 финалда Муҳаннад Шом (Сурия), Ирина Кулакова (64 кг) — чоракфиналда Ойжамол Қурбонова (Туркманистон), самбо курашида Улуғбек Ҳакимов (62 кг) — чоракфиналда, Беҳзод Нурматов (82 кг) — 1/8 финалда Жавлонбек Мадаминов (Туркманистон), Олим Худойқулов (+100 кг) — чоракфиналда Тилак Кузбаков (Қозоғистон), Лутфулла Сайдаматов (57 кг) — 1/8 финалда Пуриват Супапитакпонг (Тайиланд) га қарши курашга киришади.
  • Соат 10:00 дан 11:45 гача сузиш мусобақасида финал ўйинлари бўлиб ўтади. Артём Козлюк 100 м комплекс сузишда, Алексей Тарасенко 100 м эркин усулда, Хуршиджон Турсунов 100 м эркин усулда, Даниил Букин, Алексей Тарасенко, Артём Козлюк, Хуршиджон Турсунов 4Х100 м эстефетада сузишади.
  • Оғир атлетикачимиз Рустам Жангбаев (+105 кг) соат 15:30 дан бошлаб финал мусобақасида иштирок этади.
  • Соат 11:00 дан бошлаб Эркин кураш мусобақаси ҳам старт олади ва Ихтиёр Наврўзов (70 кг) — чоракфиналда Эломон Дугдурбек уулу (Қирғизистон), Умиджон Исманов (86 кг) — Салим Хўжаев (Тожикистон), Давит Модзманашвили (125 кг) — 1/8 финалда Фарҳод Аннақулов (Тожикистон), Севара Эшмуратова (53 кг) — чоракфиналда Мардиатул Ангграини (Индонезия), Асем Сайдаметова (58 кг) — чоракфиналда Дао Ти Ҳуонг (Вьетнам) га қарши кураш олиб боришади.