Вячеслав Ервандович Аваков 25 йил давомида (1991-2016) Ислом Каримовнинг даволовчи шифокори бўлиб хизмат қилган, шунингдек уларни қадрдон дўстлик ришталари боғлаб турган. Ислом Абдуғаниевич кундалик ҳаётда қандай инсон бўлган, бўш вақтида нималар билан шуғулланган, ушбу буюк шахс билан дўстлик ҳақидаги эксклюзив интервью Ислом Каримов Фондининг Facebook саҳифаси орқали тақдим этилди. 

"Биринчи танишувимиз расмий муҳитда ўтган - биз Президент тиббий хизматининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида суҳбатлашганмиз. Менинг вазифам Президент соғлиғини назорат қилишдан иборат бўлган. Ислом Абдуғаниевичга қаердадир қандайдир текширувлар ўтказишни таклиф қилар эдик, буни амалга ошириш жуда қийин эди - биринчидан, унинг бўш вақти йўқ эди, иккинчидан, у мактабда ҳам, институтда ҳам спорт билан шуғулланган, жисмонан бақувват эди ва ўтказилган ҳар қандай текширувлар унинг саломатлиги яхши эканини кўрсатарди. 

Скриншот: Facebook/IslamKarimovFoundation

Илк кунларданоқ, яъни республиканинг энди оёққа тураётган пайтлари - у вақтлар Ўзбекистонни ҳеч ким билмаган - Каримов давлат раҳбари сифатида дунёнинг турли мамлакатларига бориб, Ўзбекистонни танитарди, бу сафарларда унга доим ҳамроҳлик қилардим. Ислом Абдуғаниевич Нидерландияда ишбилармонлар билан учрашган, у янги мустақил давлат Ўзбекистон ҳақида, унинг ҳеч қандай ташқи қарзлари йўқлиги, бизда турли фойдали қазилмалар кўплиги ҳақида тўлиб-тошиб сўзларди. Шунда нидерландиялик ишбилармонлардан бири туриб, "Биласизми, бу ерга сиз билан учрашишга келишдан аввал харитадан сизнинг мамлакатингизни узоқ изладим ва топа олмадим" деди. Ислом Каримов бундай вазиятдан шундай усталик билан чиқдики, қойил қолмай илож йўқ: "Умуман олганда,  Ўзбекистонни билмаслигингиз ва харитадан топа олмаганингиз ажабланарли эмас, албатта, ҳолбуки, Ўзбекистон - бу беш-олтита Нидерландия дегани", - деди Каримов. Ҳамманинг юзига табассум югурди. 

Архив видео: Ислом Каримов оналари ҳақида

Ўзбекистоннинг энди оёққа тураётган пайтида хорижий сафарлар кўп бўлиб, уларнинг бари жуда мураккаб эди. Президент эса уларни янада мураккаблаштирарди, нима учун? Дейлик, 3 кунлик сафар режалаштирилган, орадаги танаффуслар инобатга олинган ҳолда, у ана шу танаффусларни 50 дақиқагача қисқартирарди ва биз 3 кунлик сафарни 2 кунда якунлаб қайтар эдик. Бундай тиғиз график - юқори қон босими дегани. Орада делегация аъзолари соғлиғидан шикоят қиларди - кимдир овқатдан заҳарланган, яна кимнидир қон босими безовта қилган. У ўзини психологик жиҳатдан ортиқча юклаб ташлаган ва шундай тартибга риоя қилган, қолганлардан ҳам шуни талаб қилган. Бу инсоннинг бутун ҳаёти, шиори шундай бўлган.