Фото: oleer.com

Биз ўз тажрибамизга қимматбаҳо актив сифатида қарашга ўрганиб қолганмиз. Бироқ биз қўлга киритаётган билим ва кўникмалар ишимизга салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Fast Company журнали ҳаммуассиси Билл Тейлор "Ажойиб! Катта компаниялар нимаси билан ажралиб туради?" китобида нима учун тажриба новаторликда халақит бериши ва қандай қилиб янгича фикрлашни ўрганиш мумкинлиги ҳақида сўз юритади. Harvard Business Review улардан энг қизиқларини тақдим этди. 

Нуқтаи назарингизни ўзгартиришга қўрқманг

Фото: Cossa

Тажриба муҳим... токи новаторлик йўлида тўсиққа айлангунга қадар. Сўнгги ўн йилликларда бизнес ва ижтимоий соҳадаги тажрибалар бир инсоний хусусиятни очиб берди: энг катта тажриба, билим ва ресурсларга эга одамлар ҳамда ташкилотлар ўз соҳаларида янгилик яратиш йўлларини энг охирги бўлиб кўришади.

Бироқ шунча ақлли одамлар ишлайдиган ва кўплаб маблағларга эга улкан корхоналар қаерда эди? Нима учун ABC, CBS ёки бошқа бир медиамагнат 24 соатлик янгиликлар каналини ишга тушира олмади ва бу ишни ахборот бизнесидаги янги одам - Тед Тернерга қолдирди. Нима учун жаҳон миқёсидаги овоз ёзиш компаниясининг ҳеч бири ўз мусиқачиларини эндигина пайдо бўлаётган кабель телевидение платформасига кўчирмади ва MTV яратиш ҳамда поп-маданиятни ўзгартиришни ёш овоз ёзиш режиссёри Роберт Питтманга қолдирди? Нима учун General Motors узоқ вақт давомида гибрид автомобилларни тан олмади, Microsoft интернетнинг ривожига анчагача ишонмади, Yahoo! компанияси Google ва Facebook'нинг иқтисодий салоҳиятини кўра билмади?

Сюжет такрорланаверади ва жавоб ўз-ўзидан пайдо бўлади: кўпинча бизнинг билимларимиз тасаввур чегарамизни чеклаб қўяди. Intel инновация стратегиялари бўйича мутахассис Синтия Бартон Рейб ушбу деструктив стратегик кўрлик учун яхши атамани ўйлаб топган. Кўплаб компаниялар ва раҳбарлар "тажриба парадокси"га дош бера олишмайди.

Тушунмовчилик шундаки, бозордаги позициянгиз қанча мустаҳкам бўлса, уни ўзгартирувчи янги бизнес-моделларга очилишингиз шунча қийин бўлади. Аввалги натижалар бўлғуси янгиликларга таҳдид сола олмайди, бироқ сизнинг келажак ҳақидаги тасаввурларингизни чегаралаб қўйиши мумкин.

Билимларингиз тасаввурингизни чеклашига йўл қўйманг