1 октябрь оқшомида Лас-Вегасдаги кантри-фестиваль иштирокчилари ўққа тутилди. Жиноятчи «Мандалай Бэй» меҳмонхонасининг 32-қаватидаги хонадан туриб пастдаги минглаб кишилар устига ўқ ёғдирди. 59 киши ўлими ва 500дан ортиқ киши жароҳатланиши билан якунланган бу қонли ҳодиса Қўшма штатлар тарихидаги энг йирик оммавий қотиллик бўлди.

Қочишга жой топилмасди

Фожиа рўй берган куни Лас-Вегаснинг энг машҳур кўчаларидан бирида ташкил этилган фестивалга 30 мингга яқин киши ташриф буюрган эди. Дастлабки ўқ овозлари эшитилганидан сўнг майдонда ваҳима бошланди. Жиноятчи танаффус қилиб автомат ўқдонини бўшатарди.

Route 91 Harvest Festival иштирокчилари Жейсон Олдиннинг қўшиқлари янграётган вақтда ўқ овозларини дастлаб пайқамади. Мусиқа тўхтагач, ҳамма дуч келган томонга қоча бошлади. Аммо юқорида турган қотил ҳам дуч келган томонга ўт сочарди.

Фото: Reuters
Фото: РБК

Жон сақлаш учун тезроқ чопиш ва бу ердан кетиш талаб этиларди. Минглаб кишилар йўл четларидаги тўсиқлар, киоскалар ва машиналар ортига бекинишга ҳаракат қилишарди.

Фото: РБК
Фото: РБК
Фото: Reuters
Фото: Reuters

Ҳудудга етиб келган махсус хизматлар ходимлари жиноятчини жойидан чиқариш учун портловчи моддалардан фойдаланишди, хонага бостириб кирилганида у жонсиз бўлган, у ўзини ўлдирган. Хонада ўнлаб қуроллар бўлган.