Путин – Ол Сауд музокаралари: Ироқ ҳудудий яхлитлиги ва Фаластин масаласи, жаҳондаги нефть нархи
Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд бугун Москвада Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан ўтказилган музокаралар чоғида Ироқнинг бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда РИА Новости ёзади.
«Биз Ироқнинг бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишнинг аҳамиятини алоҳида қайд этамиз», деган Саудия Арабистони подшоҳи.
Музокаралар чоғида Саудия Арабистони шунингдек, террорчиликка қарши курашиш халқаро маркази тузишга чақирган.
«Бугун жаҳон ҳамжамияти экстремизм, терроризм ва уни молиялаштириш манбаларига қарши кураш учун саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга киришган», деди подшоҳ кенгайтирилган таркибдаги музокаралар чоғида.
«Терроризм ва экстремизм ортидан давлатлар ва халқлар учун келадиган улкан таҳдидни англаб», подшоҳлик БМТ шафелигида терроризмга қарши кураш халқаро маркази тузишга чақирди, бундай марказ учун 110 миллион доллар ажратилди, деди Ол Сауд.
Саудия Арабистони умумбашарий терроризм ва «Ислом давлати»га қарши курашиш учун Ислом ҳарбий коалициясини ҳам тузган, дея эслатиб ўтди подшоҳ.
Арабларнинг тинчлик ташаббуси Яқин Шарқда адолатли тинчлик ўрнатилиши, бунинг ортидан Фаластиннинг пойтахти Шарқий Қудсда бўлган ўз давлатини қуриш ҳуқуқини таъминлаши керак, деди Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд.
«Биз Фаластин халқининг азобларига чек қўйиш заруриятини таъкидлаймиз, фаластинликларнинг пойтахти Шарқий Қудсда бўлган ўз давлатини қуриш ҳуқуқини таъминлайдиган, умумқамровли, адолатли ва доимий тинчликка эришилиши учун асос бўладиган араб тинчлик ташаббуси ва халқаро қонунчилик қарорларини қўллаб-қувватлаймиз», деди подшоҳ Салмон РФ президенти Владимир Путин билан кенгайтирилган таркибдаги музокаралар мобайнида.
Араб тинчлик ташаббуси Араб давлатлари лигаси томонидан 2002 йилда қабул қилинган ва унда Яқин Шарқдаги можароларни якунлаш учун бош шарт сифатида Исроилнинг босиб олинган ҳудудлардан чиқиб кетиши ва Фаластинни тан олиши белгиланган.
Саудия Арабистони жаҳон нефть бозорларида барқарорликка эришиш учун РФ билан ҳамкорликни давом эттиришга интилади, дея таъкидлаб ўтди подшоҳ.
«Жаҳон нефть бозорларида барқарорликка эришиш учун биз давлатларимиз ўртасидаги позитив ҳакорликни давом эттиришга уринамиз, бу эса жаҳон иқтисодиётининг ўсишига хизмат қилади», — деди Саудия Арабистони подшоҳи.
РФ ва Саудия Арабистони коинот фазосида тинчлик мақсадларида ҳамкорлик қилиш ва тадқиқот ўтказиш ҳақида битим ҳам имзолашди.
Россия президенти билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида подшоҳ уни ўз мамлакатига ташриф буюришга таклиф этди. РФ президенти Владимир Путин подшоҳнинг бу таклифидан албатта фойдаланишини таъкидлаб ўтди:
«Зоти Олийлари, катта ташаккурлар. Таклиф учун раҳмат. Мен мамлакатингизга аввалги ташрифимни яхши эслайман. Сизнинг Саудия Арабистонига ташриф буюриш таклифингиздан албатта фойдаланаман», — деди Владимир Путин музокаралар чоғида.
Мавзуга оид
22:03 / 15.11.2024
Шолц ва Путин икки йил ичида илк бор телефон орқали мулоқот қилди
22:30 / 14.11.2024
Путин Россияда YouTube фаолияти секинлашгани билан «шуғулланиш»га ваъда берди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024