Олимлар юрак-қон томир касалликлари ва эрта ўлим ҳолатларини камайтириш учун спорт залига бориш ва соатлаб шуғулланиш шарт эмаслигини аниқлашди. "Лайфхакер" шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.
Қанча ва қандай ҳаракат қилиш керак?
Олимлар 2003 йилдан 2010 йилгача ҳаракатланишнинг фойдасига бағишланган энг йирик тадқиқотлардан бирини ўтказишди.
Улар етти йил давомида жисмоний фаоллик, юрак-қон томир касалликлари ва ўлим ҳолатининг умумий даражасига оид маълумотларни тўплашди. Мазкур тадқиқотда турмуш даражаси турлича бўлган 17 мамлакатдан 35-70 ёшдаги 130 мингдан зиёд одам иштирок этди.
Маълум бўлишича, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган одамлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Серҳаракат кишилар юрак хуружи, инсульт ва бошқа юрак-қон томир касалликларига камроқ мойил бўлишади, шунингдек бошқа сабаблар натижасида юзага келувчи ўлим ҳолатлари жиҳатидан ҳам нисбатан паст кўрсаткичларга эга.
Ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини - 28 фоизга, юрак касалликлари эҳтимолини эса 20 фоизга камайтиради.
Яна шуниси муҳимки, жисмоний фаоллик тури аҳамиятсиз. Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Скотт Лир саломатлик учун пул сарфлашга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди. Ҳар қандай фаоллик - у хоҳ уй ишлари бўлсин, хоҳ жисмоний меҳнат ёки пиёда сайр - эрта ўлим ҳолатлари ва юрак касалликлари хавфини самарали пасайтиради.
Ўтириш нимаси билан хавфли?
Жисмоний фаолликнинг заруратини исботловчи тадқиқотларнинг кўплигига қарамай, замонамиз кишиси борган сари камроқ ҳаракатланмоқда. Одамлар кўпроқ машиналарда ҳаракатланишади, экран олдида кўпроқ вақт ўтказиб, камроқ пиёда юришади.
Бу орада эса камҳаракатлилик ва ортиқча вазн натижасидаги сурункали касалликлар сони тезкор суръатларда ўсиб бормоқда.
Англиядаги Health Effects of Overweight and Obesity in 195 Countries over 25 Years тиббий журнали маълумотларига кўра, 2015 йилда ортиқча вазн бутун дунёдаги 4 миллион кишининг ўлимига таъсир кўрсатган. Бу одамларнинг аксарияти юрак-қон томир касалликлари, диабет, буйраклар касаллиги ва саратон натижасида ҳаётдан кўз юмган.
Қандай қилиб спортга вақт ажратмай кўпроқ ҳаракатланиш мумкин?















