18:05 / 06.10.2017
11716

«Бунёдкор» Самарқандда яна дурдона гол урди ва финалга чиқди

Ўзбекистон Кубоги ярим финал жавоб учрашувида Самарқанднинг «Динамо» клуби Тошкентнинг «Бунёдкор» клубини қабул қилди. Ушбу жамоаларнинг 21 сентябрь куни ЎзПФЛ 22-тури доирасида Самарқандда бўлиб ўтган учрашуви 0:2 ҳисобида «қалдирғочлар»нинг ғалабаси билан якунланган эди.

Ўша ўйиннинг 5-дақиқасида Рустам Ашурматов 45 метрлардан «арслонлар» жамоаси дарвозасини бехато нишонга олиб, жуда чиройли гол муаллифи бўлган, якунда дублга эришган эди.

Бугунги ўйинда ҳам «Бунёдкор» жуда кам кузатиладиган гўзал гол урди. Биринчи бўлим якунланиб бораётган бир пайтда «қалдирғочлар» жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг ўғли Миржамол Қосимов бурчак тўпини ҳеч кимга теккизмасдан Темур Жўраев қўриқлаётган дарвозага йўллади.

Бунгача 19-дақиқадан Шоҳрух Гадоев ўзининг чап қанотидан ёриб кириб, «Динамо» жарима майдонига тўпни ҳаволатган, Отабек Шукуров эса боши билан гол уриб, ўйиндаги ҳисобни очган эди.

Бугунги учрашув ҳам «Бунёдкор»нинг 0:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. «Динамо» 12-ўйиндирки, рақиб дарвозасига йўл топа олмаяпти. «Бунёдкор» эса «Насаф» ва «Локомотив» жамоалари ўртасида эртага бўлиб ўтадиган ярим финал жавоб учрашувидан кейин ўзининг финалдаги рақибини билиб олади. Биринчи ўйинда «темирйўлчилар» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган.

Ўзбекистон кубоги-2017.
Ярим финал, жавоб учрашуви

«ДИНАМО» - «БУНЁДКОР» 0:2 (0:2)

Голлар: Отабек Шукуров (19), Миржамол Қосимов (45)

Биринчи ўйин — 0:0.

«Динамо»: Т.Жўраев, А.Бозоров, Ж.Азимов, Р.Рогак, Ш.Холматов, А.Николаев (С.Сулаймонов, 46), А.Сафаров, И.Холмирзаев, А.Ораховац, Ж.Қурбонов (М.Исаев, 46), Ф.Тожиев.

«Бунёдкор»: М.Зуҳуров, Р.Ашурматов, А.Комилов, А.Ғофуров, Ж.Иброҳимов, Д.Ҳамдамов (Ш.Нурматов, 86), Д.Аҳмадалиев, Ш.Гадоев (Ф.Икромов, 77), О.Шукуров, М.Қосимов, Ш.Норхонов (В.Шодиев, 82).

Огоҳлантиришлар: А.Сафаров 24, Т.Жўраев 58, С.Сулаймонов 74, Ж.Азимов 90 — Д.Аҳмадалиев 45

Четлатиш: А.Сафаров (41 - иккинчи огоҳлантириш)

Top