Тармоқли маркетинг бу молиявий пирамидами? МММ – MLM ҳаммаси бир маънони англатадими? Avon, Faberlic, Amway, Gano, Herbalife сингари ташкилотлар фирибгарлик ташкилотларими? Тармоқли маркетинг қонунийми? Ниқобланган молиявий пирамида нима ўзи? Юқоридаги саволларга жавобни қуйидаги мақолани ўқиш орқали билиб олишингиз мумкин.

Ҳар бир даврда ҳам осон пул топиш ёки пулни кўпайтириш йўллари инсонларни қизиқтириб келган. Иложи борича камроқ куч ва ақл сарфлаб кўпроқ фойда олиш ниятида тадбиркорлар ўз маҳсулот ва хизматларини эркин ёлланма ходимлар орқали сотишни йўлга қўйишган. Ҳар бир ёлланма ишчининг даромади бевосита сотиладиган маҳсулот ва хизматга боғланганлиги дастлабки самарани берган бўлса, уларнинг бошқа яна ўзларига ўхшаган фаол ёлланма ишчиларни олиб келган ҳолда кўпроқ маҳсулот сотила бошлаши икки баравар самара келтира бошлаган. Шу тариқа эркин ёлланма ишчилар тармоғи бўлмиш тармоқли маркетинг (MLM) юзага келган. Бунда ёлланма ишчилар (бугунги кунда агентлар)ни рағбатлантиришнинг энг самарали усуллари қўлланилган. Фаолликка яраша даромад ҳам пропорционал белгиланган. Шу тариқа бу усул қўлланилган барча бизнес лойиҳалар тез суръатларда ривожлана борган. Бироқ, орада фирибгарлик ва қинғир мақсадли кимсалар пайдо бўлдики, ушбу усулни умуман бошқа мақсадда, яъни пулларни омонат кўринишида тезкорлик билан йиғилиши ҳамда қолганларнинг ҳисобига лойиҳа эгаларига тақсимланиши амалга оширилиши йўлида молиявий пирамидаларни ташкил қилишди. Бунинг натижасида жуда кўплаб инсонлар ўз маблағларидан айрилди. Натижада инсонларда молиявий пирамидалар ва тармоқли маркетинг тушунчаларига нисбатан ишончсизлик ва хатар туйғулари пайдо бўлди. Оқибатда, иккала тушунча ўртасидаги тафовутларни билмаслик натижасида бугунги кунгача инсонлар зарар кўриб келмоқда. Мақолада ҳар бир тушунчага батафсил тўхталган ҳолда тўлиқ маълумот бериб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Молиявий пирамида (шунингдек инвестицион пирамида) – тузилмадаги иштирокчиларни доимий пул маблағлари жалб қилиниши эвазига даромад билан таъминлашга асосланган фирибгарлик йўли. Дастлабки пирамида иштирокчиларининг даромади кейинги омонатчилар ҳисобига тўлаб берилади. Кўп ҳолларда иштирокчилар олаётган даромади асл манбайи сир тутилади ва ўрнига бошқа ўйлаб топилган уйдирмалар айтилади ёки кам аҳамиятли қилиб кўрсатилади (Масалан, криптовалюталар биржаси, форекс биржаси, спорт ўйинлари, бинар опционлардан даромда олинади деб кўрсатилиши мумкин). Айнан мана шу нарса эса фирибгарлик саналади. Ўзбекистонда ушбу молиявий пирамидага мисол тариқасида “Аҳмадбой иши” воқеаси бўлган. Бундан ташқари Россияда Сергей Мавродининг МММ компанияси яққол мисол бўла олади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам фирибгарлик натижасида маблағлар йиғилган ва якунда кўплаб инсонлар миллионлаб зарар кўришган.