Ўзбекистон | 13:30 / 09.10.2017
92084
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев тест синовлари тизими эскирганини айтди

© Фото: prezident.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилиш, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш ва олий таълимнинг бакалавр йўналишига қабул бўйича тест синовларини такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

ЎзА хабарига кўра, йиғилишда таълим муассасалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Хусусан, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллиги босқичма-босқич ривожлантириб борилиши ҳақида топшириқлар берилди.

Президент соҳада амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларнинг фикрларнини инобатга олиш, улар билан «очиқ эшиклар» кунлари каби тадбирлар ташкил қилиб, учрашувлар ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва «Астрономия ва аэронавтика» боғини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Йиғилишда ҳудудлар имконияти ва салоҳиятини ўрганган ҳолда 8-9 синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу таълимнинг кейинги босқичида ўқувчиларнинг ҳунар эгаллашида янги имкониятлар эшигини очади. Эндиликда умумтаълим мактаблари битирувчиларини элликка яқин касбга ўргатиш йўлга қўйилади. Бунинг учун касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари негизида замонавий жиҳозланган ўқув ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, баъзи касб-ҳунар коллежлари тегишли вазирлик ва идораларга корхона ва ташкилотларга бириктирилади. Президент соҳа раҳбарларига бу борада жойларга чиқиб, қайси ҳудудга қандай соҳа бўйича мутахассислар зарурлигини ўрганиб чиқиш вазифасини топширди.

Давлат раҳбари олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш, бунда ривожланган хорижий давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларни татбиқ этиш, тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш юзасидан ҳам кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев ёшларда олий ўқув юртларига ўқишга бўлган талабнинг ошиб бораётганини, бунда муҳим бўлган тест синовлари тизимининг эса эскирганини қайд этди.

Давлат раҳбари мутассади раҳбарларга таълим тизимини такомилаштириш, ўқув адабиётлари билан сифатли таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласида тегишли топшириқлар берди.

Мавзуга оид