Иккиламчи бозорда уй-жой ва автомашина олди-сотдиси учун ҳисоб-китобларни хорижий валюта, асосан АҚШ долларида амалга ошириш деярли барча учун одатий ҳолга айланиб қолган. Бунга ўтган давр мобайнида шаклланиб улгурган кўплаб ижтимоий-иқтисодий омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Масалан, сўм валютасининг беқарор инфляцияси, эркин конвертация амалиётининг мавжуд эмаслиги эвазига пайдо бўлган нарх-наводаги тафовутлар, уй-жой ва машина харид қилишда юзага келган қоғозбозлик, сунъий тўсиқлар шулар жумласидан.
Сўнгги пайтда бу муносабатларни бир мунча ўзгартириш имкониятини берувчи янгиликлар юз берди, хусусан, эркин конвертация амалиётининг жорий этилиши, янги сўм банкнотининг таништирилиши, шу пайтгача савдо муносабатларида де факто хорижий валюта қийматига боғлаб қўйилган товар ва хизматларнинг миллий валютада ҳисоб-китоб қилинишини эътироф этиш мумкин. Хабарларга кўра, бундан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан шу каби ҳолатларга қарши жиддий курашилади.
Аслида, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилиши шарт. Шу жумладан, фуқаролар ўртасидаги кўчар ва кўчмас мулк объектлари ҳам. (Мисол тариқасида ана шу машина ва уй-жойни олайлик) Бу - қонун!
Республика ҳудудида ҳисоб-китоблар ва тўловларни чет эл валютасида амалга оширишга рухсат этиладиган айрим ҳолатларни қуйида санаб ўтамиз:
- белгиланган тартибда кредитларни олиш ва қайтаришда;
- банклардаги омонатларга пул қўйишда ва уларнинг фоизини олишда;
- ваколатли банклар, уларнинг филиаллари ва айирбошлаш шохобчалари орқали чет эл валютасини сотиб олиш ва сотишда;
- хайрия мақсадларида амалга ошириладиган операцияларда;
- мерос ҳуқуқи бўйича валюта бойликларини олишда;
- божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро йўналишларда ташишда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишдаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операцияларда;
- қимматли қоғозларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда сотиб олиш ва сотишда;
- резидентлар томонидан резидентлар ҳамда норезидентлардан пластик тўлов ва кредит карточкалари бўйича тўловларни қабул қилишда ва шу каби жами 15та ҳолатда.














