Жаҳон | 09:12 / 11.10.2017
51716
2 дақиқада ўқилади

Америка президенти учинчи жаҳон уруши эҳтимолига изоҳ берди

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп республикачи-сенатор Боб Коркернинг сўзларига изоҳ берди. Сенатор Америка етакчисининг ҳозирги сиёсати АҚШни "учинчи жаҳон урушига йўллаши" мумкин, деган фикрни билдирган эди. Президентнинг сенаторга жавоби Оқ уй сайтида келтирилган

Трамп сўзларига кўра, аслида Американинг аввалги маъмуриятлари "нотўғри йўлда" бўлишган. Сўнгги 25 йил мобайнида Қўшма Штатлар "дунё гувоҳи бўлмаган — улкан муаммо ёқасида бўлган". 

"Ишонинг, ҳозир биз тўғри йўлдамиз", — деган Америка раҳбари.

Бундан аввал, Трамп Коркерни Twitter саҳифасида танқид қилиб, унинг 2018 йилги Сенатга қайта сайланиш учун номзодини илгари суришга "жасорати етмагани" ҳақида ёзган эди. 

Трамп, шунингдек, Коркерни давлат котиби лавозимига муносиб кўрмаганини таъкидлаб, айнан у Эрон билан "даҳшатли" ядро битимига эришиш сабабчиси эканини уқдирганди. Бунга жавобан Коркер Twitter саҳифасида Оқ уй "катталар учун болалар боғчасига" айланганини таъкидлаганди. 

Мавзуга оид