Иш жойингизда тушлик ёки шунчаки танаффусдан кейин ҳам ўзингизни чарчаган ва бесамар ҳис қилсангиз, билингки, вақтдан нотўғри фойдалангансиз. "Лайфхакер" иш вақтидаги танаффусларни фойдали томонга йўналтириш борасидаги тавсиялари билан бўлишди.

1. Ҳар 52 дақиқада танаффус қилинг

Биз кўпинча ишчанлигимизни сусайтирувчи одатларимиз билан курашишга мажбур бўламиз. Масалан, кўпинча ишлаш ўрнига ижтимоий тармоқларни варақлаш истаги билан курашамиз. Бунинг учун куни бўйи диққатни бўлмай, иродани чархлаш керак. Самарали иш учун эса яхши ҳордиқ керак.

Тайм-менежмент техниклари, масалан, Pomodoro иш вақтини фаол иш ва танаффусларга ажратади. Бундай танаффуслар ишдаги самарадорликни ҳақиқатда оширади. Бироқ улар орасида қанча вақт ўтиши лозим?

Pomodoro техникасига кўра, 25 дақиқалик ишдан кейин 5 дақиқалик танаффус қилиш керак, мана шундай ёндашувдан тўрттаси ўтгандан кейин эса, нисбатан узоқроқ танаффус олиш керак.

DeskTime интернет сервиси яратувчилари кўплаб тадқиқотлар йўли билан мутлақо бошқа рақамларни келтиришди. Улар энг самарали ишчилар ўз вақтини қуйидагича тақсимлашини аниқлашди: 52 дақиқа диққатни бир жойга жамлаб ишлаш, кейин эса 17 дақиқа танаффус қилиш керак.

Мазкур техниканинг самараси бир неча сабаб билан изоҳланади:

  • Тез орада танаффус бўлишини билиб, янада диққатни жамлаб, мақсад сари ҳаракат қиласиз;
  • 52 дақиқадан кейин ҳам жон-жаҳдингиз билан ишлашда давом этсангиз, ишчанлик қобилиятингиз йўқолиши мумкин;
  • Бир жойда саккиз соат ўтириш соғлиқ учун зарардир. Иш куни давомида мунтазам жисмоний фаоллик ҳам соғлиққа, ҳам диққатни жамлаш хусусиятига ижобий таъсир қилади.

2. Чалғиб туринг

Тадқиқотларга кўра, бор кучимиз билан диққатимизни жамлашга уриниб, ҳеч қандай фойда олмаймиз. Иллинойс университетининг психология фанлари профессори Алехандро Льерас доимий равишда муайян бир фикр атрофида диққатни жамлаш миянинг уни қабул қилмай қўйишига олиб келишини аниқлади.

Тинимсиз муаммони ҳал қилишга уриниш ўрнига вақти-вақти билан бу фикрлардан чалғиб туриш керак. Диққатингизни бошқа бир нарса билан чалғитишга ҳаракат қилинг. Бундай танаффус вақтида ишдан бутунлай чалғиш учун бир неча вазифани бажарган маъқул. Шундан сўнг муаммо ечимига янги куч билан қайтасиз.