Ўзбекистон | 14:43 / 14.10.2017
52562
3 дақиқада ўқилади

Аҳмад Шаҳид: Давлат 16 ёшгача бўлган вояга етмаганларни масжидларга боришига рухсат бермайди

Фото: iheu.org

БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид 12 октябрь Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказгани ҳақида хабар қилинган эди. У ўзининг дастлабки хулосаси анжуман иштирокчилари эътиборига ҳавола қилди. 

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон марказий маъмурий идораси томонидан рўйхатга олинган диний гуруҳларга диний ходимларини ўқитиш ва диний дарслар ўтишига рухсат берилади. Мадраса деб аталадиган 9 та махсус исломий таълим мактаблари, шу жумладан битта аёллар учун, шунингдек, православ ва протестант семинариялари расман диний ишчиларни ўқитиб, ўрта маълумот беришлари мумкин. Вазирлар Маҳкамаси мадрасалар томонидан берилган дипломларни бошқа дипломларга тенг деб эътироф этади ҳамда олий таълимни давом эттиришга рухсат беради. Бундан ташқари, Тошкент Ислом институти ва Тошкент Ислом университети олий таълим бериш бўйича диний дастурларга эга. Юқорида қайд этилганлардан бошқа Исломни ўрганишни хоҳловчи фуқароларнинг таълим олишини ташкил этадиган мактаблар йўқ. 

Давлат 16 ёшгача бўлган вояга етмаган болаларни динга амал қилиш ёки жамоа бўлиб ибодат қилиш жойларига боришини тақиқлайди. Чунки болалар ўзларининг мажбурий таълим олишларини тугатиши ва кейинроқ онгли равишда динга амал қилишни хоҳлаяптими-йўқми, деган масалада танлаши керак, деб ҳисобланади. Шундай фикрлар ҳам айтилдики, дин бу катталар бажарадиган ишдир. Болалар ўзлари хоҳласа, мажбурий таълимни тугатганларидан кейин диний мактабларга бориши мумкин. 

Махсус маърузачи Ҳаж зиёратини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнларни ҳам ўрганишга ҳаракат қилганини қайд этган. Расмийларнинг таъкидлашича, Ҳаж вақтида Маккага борадиганлар сони Саудия Арабистони томонидан белгиланган квота асосида аниқланади. Маккага борувчиларнинг аксарияти 40 ёшдан катталардир. Улар Ҳажни кекса ёшдаги эркаклар ва аёллар бажариши керак, деган тушунча борлигини, шунингдек, Ҳаж зиёратини амалга оширишни хоҳлаётганлар рўйхати йўқлигини маълум қилишди. Балки бу биргина минтақа учундир. Миллий ҳукумат Ҳаж зиёритига боришни кутаётганлар рўйхати 3 йиллик навбатдан ошмаслигини айтди. 2017 йили Ҳажга борувчилар сони 5000 дан 7500 кишигача ортган бўлса, 2018 йилда ҳам бу рақам ортиши кутилмоқда. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид