Жамият | 16:37 / 14.10.2017
12225
2 дақиқада ўқилади

Қўштепа ва Фарғона туманларида йўқолган сигирлар топилди

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасидан хабар берилишича, бошқарма тезкор ходимлари томонидан тунги вақтда вилоятнинг Қўштепа тумани Янги ҳаёт қишлоғидаги фермер хўжалиги шийпонида боқилаётган, бир дона нархи 3 млн. сўм бўлган сигирни ўғирлаб кетаётган шахслар Тошлоқ туманида ашёвий далил билан қўлга олинган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, 1975 йилда туғилган муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган А.Д., ўзининг жиноий шериклари, 1973 йилда туғилган Б.А., 1975 йилда туғилган муқаддам бир неча бор судланган Т.Ж., 1978 йилда туғилган Р.Ш., 1981 йилда туғилган муқаддам судланган М.А. ва 1990 йилда туғилган З.Р.лар билан биргаликда Қўштепа ва Фарғона туманлари ҳудудида фуқароларга тегишли бир қанча сигирларни ўғирлаш билан шуғулланганликлари маълум бўлди.

Улар 2017 йилнинг 28 мартидан 29 мартига ўтар кечаси Қўштепа туманининг Нуробод кўчасидаги хонадондан бир дона 3,5 млн. сўмлик, 31 мартдан 1 апрелга ўтар кечаси Фарғона туманининг Қирғизшўра кўчасидаги хонадондан бир дона 3 млн. сўмлик, 12 апрелдан 13 апрелга ўтар кечаси Фарғона туманидаги фермер хўжалиги дала шийпонида боқилаётган икки дона 4 млн. сўмлик, 17 апрелдан 18 апрелга ўтар кечаси Қўштепа туманидаги фермер хўжалиги дала шийпонида боқилаётган бир дона 1,5 млн. сўмлик ва бир дона 3 млн. сўмлик, 23 апрелдан 24 апрелга ўтар кечаси Қўштепа туманида жойлашган фермер хўжалиги дала шийпонида боқилаётган бир дона 1,5 млн. сўмлик ва бир дона 1,3 млн. сўмлик сигирларни ўғирлашган. Жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 9 та қора мол ашёвий далил тариқасида олинди. Улар ўғирликни жиноий гуруҳ аъзоларидан бирига тегишли ВАЗ-2102 русумли автомашинада содир этганлар.

Ҳозирда жиноий гуруҳнинг барча аъзоларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Мавзуга оид