Ўзбекистон | 10:50 / 20.10.2017
16408
2 дақиқада ўқилади

Сенат вакили: Фермерлар фақатгина пахта етиштириш билан чекланиб қолмоқда

Фото: Пресс Клуб

Ўзбекистонлик фермерлар фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳулотлари, жумладан, пахта етиштириш билан чегараланиб қолмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Баҳодир Тожиев Халқаро-Пресс клубнинг 19 октябрдаги анжуманида таъкидлади. 

«Ўзбекистонлик фермерлар фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳулотлари, жумладан, пахта етиштириш билан чегараланиб қолмоқда. Қолган қишлоқ хўжаликлари секторлари эса эътибордан четда қолмоқда. Шуни унутмаслик керакки, давлат фермерларни барча йўналишлар – асаларичилик, балиқчилик, чорвачиликда ҳам бирдек қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, кўп тармоқ фермер хўжаликларини муваффақиятли йўлга қўшган меҳнаткашлар давлат томонидан муносиб рағбатлантирилади», дея қайд этди Баҳодир Тожиев.

Спикернинг таъкидлашича, эндиликда деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларига тақдим этиладиган «Илғор фермер», «Меҳнаткаш деҳқон» ва «Намунали томорқачи» кўкрак нишонлари таъсис этилади.  

2018-2021 йиллар мобайнида фермер хўжаликлари босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилади. 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.

Мавзуга оид