Ўзбекистон | 13:45 / 21.10.2017
21925
2 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети нуфузли халқаро мукофотни қўлга киритди

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳрида жойлашган дунёнинг нуфузли Европа Бизнес Ассамблеясига 1923 йилда асос солинган бўлиб, дунёдаги илм, фан ва ишбилармонлик соҳасидаги эришилган юксак натижаларни эътироф этиб боради.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу нуфузли ташкилот дунёнинг бир қатор таълим муассасалари ва тадбиркорларини бирлаштиради. Бу йилги Энг яхши олий таълим муассасаси номинациясини қўлга киритиш учун дунёнинг турли бурчакларидан 1000 дан ортиқ таълим муассасалари танловда иштирок этди. Ушбу танловнинг саралаш жараёнида таълимни қуйидаги асосий сифат кўрсаткичларига: ўқув-услубий, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга тадбиқ этиш, моддий техника базани модернизациялаш, инновацион интеграцион ҳамкорлик, халқаро ҳамкорлик ва университет битирувчиларининг давлат ва хусусий тадбиркорлик ҳамда бизнесдаги фаоллиги баҳоланди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ушбу номинация учун Ўзбекистондаги бир неча олий таълим муассасалари номзоди берилган эди. Ушбу нуфузли кенгашнинг қарорига мувофиқ жорий йилнинг сентябрь ойида Францияда бўлиб ўтган Саммитда Тошкент давлат иқтисодиёт университети Осиёдаги Энг яхши олий таълим муассасаси номинацияси ғолиби бўлди.

Танлов натижасига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети жаҳоннинг нуфузли университетлари АҚШнинг Бостон, Стенфорд университетлари, Вашингтон халқаро ўқув маркази, Европа менеджмент университети қаторидан ўрин эгаллаган.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Жорий йил 19 октябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида мазкур мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. 

Мавзуга оид