Ўзбекистон | 15:40 / 27.10.2017
8868
2 дақиқада ўқилади

Туркия икки томонлама савдода Ўзбекистоннинг манфаатларини ҳурмат қилади

Фото: Anadolu

Туркия Тошкент ва Анқара ўртасидаги муносабатларни керакли даражага олиб чиқишни ўзининг бурчи деб билади, дея айтиб ўтди Туркия иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи Истанбулдаги Туркия-Ўзбекистон бизнес-форуми очилишида. Бу ҳақда «Анадолу» хабар бермоқда.

«Туркия Ўзбекистон билан ўз муносабатларини жуда қадрлайди. Туркия Иқтисодиёт вазирлиги Туркия ва Ўзбекистон президентлари кўрсатмалари ҳамда бош вазирлари директиваси бўйича икки томонлама муносабатларни кузатиб бормоқда. Узоқ муддатли икки томонлама муносабатлар асосида ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ётади. Савдога ҳам шу тегишли. Шахсан мен икки томонлама товар айланмасида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий манфаатларига алоҳида эътибор қаратаман», - деди Зейбекчи.

Вазир 2017 йил охирига келиб Туркия иқтисодиётининг ўсиши олти фоиздан ошишини эслатди. «Йил охирига келиб, Туркия экспорти ҳам 11-12 фоизга ўсади. Туркия номинал ЯИМ миқдори бўйича дунёда 17-ўринни ва харид қобилияти тенглиги бўйича ҳисобланган ЯИМ катталиги бўйича 13-ўринни эгаллайди. Мамлакатнинг бу йилги кўрсаткичлари мақтовга лойиқ», - деди Зейбекчи.

Вазирнинг эслатишича, йил бошида етти-саккизта халқаро молия ташкилоти ва рейтинг агентликлари Туркия иқтисодиёти 2-2,5 фоизга ўсишини тахмин қилганлар.

«Май ойида прогнозларини қайта кўриб чиқиб, уларни 3-4 фоизга оширишди. Октябрда прогнозлар иккинчи марта қайта кўриб чиқилиб, 4,5-5 фоизга кўтарилди », деди Зейбекчи. Вазир, шунингдек, рейтинг агентликларидан кўра, Туркиянинг расмий доиралари ва экспертлар жамоалари позицияларига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид