Жаҳон | 11:40 / 29.10.2017
28368
2 дақиқада ўқилади

«Шимолий Корея ракеталари НАТО ва Европа давлатларигача етиб бора олади»

Фото: AP Photo/Efrem Lukatsky

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 29 октябрда "Иомиури" газетасида чоп этилган интервьюсида Европа давлатлари ва НАТОга аъзо давлатлар Шимолий Корея ракеталари етиб борадиган масофада эканлигини, бироқ Шимолий Атлантика альянси иғвогар ҳаракатларга жавоб зарбаси бериш имкони ва қатъиятига эга эканлигини айтган.   

"Биз Европа Шимолий Корея ракеталари етиб борадиган масофада эканлигини тан оламиз. НАТО давлатлари ҳам хавф остида... Бироқ НАТО жавоб зарбасини бериш имкони ва қатъиятига эга", деб айтган Столтенберг интервьюда. 

Шу билан бирга НАТО бош котиби Шимолий Кореяни музокаралар столи атрофига ўтқазишга мажбур қилиш мақсадида унга қарши босимни кучайтириш зарурлигини айтган.

"Шимолий Кореяни музокаралар столи атрофига ўтқазиш учун унга босим ўтказиш зарур. Биз унга қарши қўлланаётган иқтисодий санкцияларни қўллаб-қувватлаймиз", деб қўшимча қилган Столтенберг.

Шимолий Корея жаҳон ҳамжамияти томондан босим ўтказилаётганига қарамасдан, ўзининг ракета ва ядровий дастурини давом эттирмоқда. Жумладан, Пхеньян 3 сентябрда водородли жанговар каллакни муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилган. Япония ва Жанубий Корея ҳарбийларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бу заряднинг кучи 160 килотоннани ташкил қилган. Бу эса 1945 йилда Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбаларидан 10 марта кучлироқ деганидир. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид