Жаҳон | 09:25 / 30.10.2017
46721
2 дақиқада ўқилади

МРБнинг ҳужжатлари Ҳитлернинг урушдан кейин тирик қолганига ишора қилмоқда

Архив фото

Бир неча кун аввал Марказий разведка бошқармасининг ошкор қилинган ҳужжатлари нацистлар етакчиси Адольф Ҳитлер 1945 йилда ўз жонига қасд қилмагани, балки Лотин Америкасига қочган бўлиши мумкинлигини қисман исботламоқда.

АҚШ разведкасининг айғоқчиларидан бири 1955 йилда собиқ нацист Филипп Ситроен гўёки Иккинчи жаҳон уруши якунлангандан кейин Колумбияда Шриттельмайер фамилияси остида яширинган Ҳитлер билан учрашганини маълум қилган. Агентнинг ҳисоботида таъкидланишича, Голландия қироллик пароход компанияси ходими бўлган Ситроен тахминан бир ойда бир марта Ҳитлер билан кўришиб турган. Бу Ситроеннинг Венесуэладан Колумбияга сафарлари вақтида юз берган.

Ушбу ҳужжатларга исбот тариқасида Ситроеннинг Ҳитлерга ўхшаш одам билан бирга тушган сурати илова қилинган. Сурат 1954 йилда Колумбиянинг ғарбидаги Тунха шаҳрида олинган. МРБ айғоқчисининг таъкидлашича, Ҳитлер маълум вақтдан кейин Аргентинага кўчиб ўтган.

Расмий версияга кўра, Ҳитлер рафиқаси Ева Браун билан 1945 йил 30 апрелда Берлин ишғол қилингандан кейин ўз жонига қасд қилган. Уларнинг жасадлари рейхсканцелярия боғида ёқиб юборилган.

27 октябрда АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғи билан махсус хизматларнинг архивлари, жумладан АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳужжатлар ошқор қилинди. Ҳужжатлар АҚШ миллий архиви сайтига жойлаштирилган.  

Мавзуга оид