Ўзбекистон | 17:44 / 31.10.2017
12877
3 дақиқада ўқилади

2017-2018 йилларда Фарғона вилояти бўйича қанча йўл ва кўчалар таъмирланиши айтилди

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилоятида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида 345 километрдан ортиқ ички йўллар таъмирланиб, аҳолига қулай шароит яратилмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Фарғона вилоятида автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятда автомобиль йўлларининг узунлиги 18 минг километрдан ошади. Шундан 4 минг 31 километри умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларидир. 

2017 йилги Инвестиция дастури асосида вилоят ҳудудидаги 10 километр узунликдаги 2 реконструкция объектида 8 миллиард сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишлари бажарилди. Шунингдек, “Фарғона халқаси”, “Фарғона айланма йўли”, “Қўқон шаҳрига кириш йўли" каби 7 объектда тўла таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Фарғона шаҳридаги Нурафшон, Оқариқ, Лойиҳавий, Амир Темур кўчаларида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди. 

– Йўл хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг замонавий тармоғини янада ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир, – деди Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Субҳонжон Солиев. – Вилоятда хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳар ва қишлоқларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. 2017-2018 йилларда вилоят бўйича 520 километр йўллар ва кўчаларни таъмирлаш режалаштирилган. 

Вилоятда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш борасида манзилли дастур ишлаб чиқилган. Айни вақтда минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш, йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларида қулай шароитлар яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларида йўл қопламаларининг сифати ва чидамлилигини оширадиган замонавий қурилиш усуллари ва технологияларидан фойдаланилмоқда. 

Вилоятда 14 минг 500 километрдан ортиқ қишлоқ ички хўжалик йўллари мавжуд. Транспорт қатнови хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида қишлоқларда яроқсиз ҳолга келган йўллар босқичма-босқич реконструкция қилиниб, тош-шағал, асфальт-бетон, цемент-бетон ва қора қопламали замонавий йўлларга айлантирилмоқда. Ҳозирга қадар туманлардаги йўл хўжалиги корхоналари томонидан 170 километр узунликдаги ички хўжалик йўллари тупроқ қопламадан шағал қопламага ўтказилди ва 175 километр узунликдаги йўллар асфальт билан қопланди. 345 километр йўлларни таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланиб, аҳоли ва транспорт қатнови учун қулайликлар яратилди. Шунингдек, Қўқон шаҳридаги 49,2 километр ички йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам якунига етказилмоқда. 

Мавзуга оид