Жорий йилнинг июль-август ойларида Самарқанд вилояти ҳудудида ҳам йўл-транспорт ҳодисалари ва инсон ўлимига сабаб бўлаётган автоҳалокатлар сони кескин ошиб кетгани ташвишланарли ҳолат эканлиги қайд этилган эди.
Вилоят ИИБ матбуот хизматининг KUN.UZ’га маълум қилишича, олиб борилган кенг қамровли ишлар самараси ўлароқ, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, марказий кўча ва йўлларда унга боғлиқ зарур кўрсаткич белгиларини янгилаш, олиб ташланганлари ёки йўқлари ўрнига янгиларини ўрнатиш, қолаверса, светофорларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди.
Шаҳар марказлари ва чиқиш йўлларида 12Х18 метр ўлчамда «Ҳайдовчи, сени уйда оиланг кутмоқда!», «Йўл қоидаси — умр фойдаси», «Тезликни ошириб, умрингни қисқартирма!» ва бошқа матнларда ҳайдовчиларни огоҳликка даъват этувчи, ҳушёрликка чақирувчи пано ва плакатлар ўрнатилиб, тунги пайтда «Улуғбек», «Юқори нуқта» штаб ЙПХ постларида узоқ йўл босиб ҳаракатланаётган қўшни вилоят фуқаролари, йўл ҳаракати иштирокчиларига уйқу-чарчоқни қочирувчи йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлик ҳолатлар акс этган эслатма ва флаерлар тарқатилмоқда.
«Хусусан, Вена конвенцияси тавсияларига асосан янги кўринишдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг яқин кунларда жорий қилинишида ҳайдовчиларнинг имтиҳондан ўтказиш, улар орасида тарғибот ишларини олиб бориш орқали йўл-транспорт ҳодисалари, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар сонини ҳам бирмунча камайтириш мўлжалланмоқда», — дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Абдунаби Носиров.
Аммо, йўлларда ҳаракатланувчилар — йўловчи ва пиёдалар томонидан риоя этилиши лозим бўлган хавфсизлик, уларнинг бир-бирини ҳурмат қилиши юқори савияда, деб бўлмайди.
Шу мақсадда Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти қатъий талаблари асосида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятида ҳам кенг кўламда турли тадбирлар уюштирилмокда. Уларнинг ичида энг самаралиси — йўл ҳаракати хавфсизлиги талаб-қоидаларини писанд қилмайдиган қўпол кимсалар ҳам аниқланаётган ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари ўтказилаётган «Автопатрул» тадбирлари бўлмоқда.
Масалан, «Автопатрул-рейд»нинг сўнгги шанба куни натижаларига назар солсак, вилоят ҳудудида йул-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 213 нафар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари жалб этилган рейд давомида жами 1060та қоидабузарлик аниқланди. Уларнинг таҳлилига кўра 123 ҳолатда тезликни ошириш, 107 йўл белгисига амал қилмаслик, 115таси хавфсизлик камарини ўтказмаслик, 184та ҳолатда ҳужжатсиз, ҳайдовчилик гувоҳномасисиз транспорт воситасини бошқариш, 14 ҳолат светофор ва чорраҳадан ўтиш қоидасини бузиш, 61таси қувиб ўтиш қоидасини қўпол равишда бузиш, 16таси автомобиль бошқариш жараёнида телефондан фойдаланиш, 37 суғуртасиз бошқариш, 9таси қайта жиҳозлаш, 10таси ойна тусини ўзгартириш, 4таси темирйўлдан ўтиш қоидасини бузиш ва бошқа турдаги транспорт воситасиларини хавфсиз ҳаракатланиши билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланди.

















