Ўзбекистон | 15:30 / 01.11.2017
64121
2 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов бош вазир ўринбосари этиб тайинланди

«Ўзбекнефтгаз» миллий ҳолдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов Ўзбекистон Республикаси бош вазирига ўринбосар этиб тайинланди. KUN.UZ манбаси маълумот беришича, Ўзбекистон Президентининг Султоновни бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармони имзоланган. Бугун бош вазир Абдулла Арипов уни ўз ўринбосари сифатида таништирган.  

Алишер Султонов «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси лавозимини ҳам сақлаб қолган. У бу лавозимда 2015 йил ёзидан буён фаолият кўрсатиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни бош вазир ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов Шукурулло Бобоев ўрнига Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. 

Алишер Султонов 1967 йил 29 ноябрь куни таваллуд топган. Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Амалий физика институти лазер прибор қурилиш бўлими технологлигидан бошлаган. 

 

Мавзуга оид