Қачон ҳарорат хавфли ҳисобланади? Унинг белгилари қандай бўлади? Қандай дориларни қўллаш керак? Бувиларимизнинг маслаҳатларига қулоқ тутсак бўладими? "Лайфхакер" шу каби саволларга жавоб берувчи мақоласи билан бўлишди.

Қандай ҳарорат баланд ҳисобланади?

Дастлаб шуни таъкидлаш лозимки, аслида ҳарорат ҳар бир инсонда бўлади ва у меъёрда айнан 36,6 даражада бўлиши шарт эмас. Бу ўртача кўрсаткич ҳисобланади, чунки соғлом одамда у 36,1 дан то 37,2 даражагача бўлиши ва ҳатто кун давомида ўзгариши мумкин. Масалан, овқатлангандан сўнг ёки жисмоний ҳаракатлардан кейин ҳарорат кўтарилиши ҳеч гап эмас.

"Боланинг иссиғи чиқди" деганда тана ҳароратининг 37,2 даражадан юқорилаши назарда тутилади.

Нима учун тана ҳарорати кўтарилади?

Истималаш - организмнинг турли инфекцияларга нисбатан ҳимоя реакцияси. Юқори тана ҳароратида бактерия ва вирусларнинг омон қолиши қийин, организм шу тариқа хавфли микроорганизмларни йўқ қилади ва бирйўла иммун тизимини фаоллаштиради.

Болаларда ҳарорат кўпинча биз шамоллаш деб атайдиган распираторли вирус инфекциялари туфайли кўтарилади. Бироқ бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Ҳарорат, шунингдек, яна турли жароҳатлар, қизиш, онкологик, гормонал ва аутоиммун касалликлари ва ҳатто баъзи дори воситаларининг акс таъсири натижасида ҳам юзага келиши мумкин.

Боланинг истимаси чиқаётганини қандай англаш мумкин?

Катталар юқори ҳароратни одатда қуйидаги белгиларга кўра аниқлашади:

  1. Заифлашиш;
  2. Бош оғриқлари;
  3. Титроқ;
  4. Иштаҳанинг йўқолиши;
  5. Мушаклардаги оғриқлар;
  6. Терлаш.

Гапиришни биладиган ёшдаги болалар ёқимсиз ҳолатдан шикоят қилишлари мумкин. Бироқ ҳали тилга кириб улгурмаган болакайларда ҳам ҳарорат кўтарилиши кузатилади.