Қирғизистон собиқ бош прокурорининг укаси Бишкекда ўлдирилди
Қирғизистон собиқ бош прокурори Аида Салянованинг укаси – Улан Салянов Бишкекда юз берган қуролли ҳужум оқибатида ўлдирилди. Бу ҳақда собиқ бош прокурорнинг адвокати Улан Жумаков фейсбукда хабар берган.
Унинг маълумотларига кўра, душанба куни тунги соат 02:00ларда ниқоблар ва камуфляж либосида бўлган бир неча қуролланган эркак Саляновнинг Бишкекдаги уйига бостириб киришган. Ҳужум оқибатида 1975 йилда туғилган Салянов олган жароҳатлари туфайли ҳаётдан кўз юмди.
Қирғизистон ИИВ бу ҳолат бўйича ҳозирча изоҳ бермади. ИИВдаги манбанинг «Интерфакс»га тасдиқлашича, ҳужум ҳақиқатдан ҳам содир бўлган, бироқ у ҳеч қандай тафсилотларни келтирмади.
10 октябрь куни «Ата-Мекен» парламентдаги мухолиф фракцияси депутати, Қирғизистон собиқ бош прокурори Аида Салянова Бишкекнинг Ленин тумани суди томонидан мол-мулки мусодара этилган ҳолда беш йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бироқ, унинг ёш қизи борлиги эътиборга олиниб, суд қарорининг кучга кириши бола 14 ёшга тўлгунга қадар қолдирилди.
Қирғизистон бош прокуратураси Саляновага нисбатан 2016 йилнинг охирида жиноий иш қўзғатди. У мамлакат адлия вазири лавозимини эгаллаган пайтида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланди.
Маълумот учун, Салянова бош прокурор лавозимини 2011-2015 йиллар давомида эгаллаган. 2015 йилдан эса «Ата-Мекен» фракциясидан Қирғизистон парламенти депутати бўлган.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024