Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимда нутқ қилди. Нутқ матни ЎзА томонидан келтирилди.

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар! 

Муҳтарам меҳмонлар! 

Қадрли Жиззах аҳли! 

Бугун барчамиз жонажон Ватанимиз ҳаётидаги улкан воқеа муносабати билан қадимий ва навқирон Жиззах шаҳрида тўпланиб турибмиз. 

Шу кунларда ўзбек халқининг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи ва беназир инсон Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. 

Кўп миллатли халқимиз бу улуғ инсоннинг азиз номини ёд этиб, унинг ўлмас хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирмоқда. 

Шароф Рашидов ўзининг ноёб ақл-заковати, бой билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган эди. 

Бу улуғ инсон, собиқ мустабид тузум даврида турли тазйиқ ва синовларга бардош бериб, халқимиз ва миллатимизга садоқат билан, ҳалол ва фидокорона хизмат қилди. 

Умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам далага бориб, заҳматкаш ўзбек деҳқонлари орасида бўлганини барчамиз яхши биламиз. 

Шароф Рашидов оддий халқ орасидан чиққан, ҳақиқий юртпарвар раҳбар эди. 

У киши бир умр ўзи каби содда ва камтарин одамларга елкадош бўлиб, уларнинг дарду ташвишлари билан яшади. Уларга хизмат қилишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билди. 

Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам халқимиз манфаатини ўйлаб амалга оширган ана шундай савобли ишларини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди. 

Минг афсуски, ҳаёт бу инсонга шундай мураккаб қисматни раво кўрдики, у юрагидаги барча орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ўз меҳнатининг ҳосилидан тўла баҳраманд бўлиш имконига эга бўлмади.