Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига шарҳ ЎзА сайтида эълон қилинди.

Ўтган давр мобайнида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолига уй-жой коммунал хизмат, жумладан, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш сифатини тубдан оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Уй-жой коммунал соҳасини ислоҳ қилиш доирасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу масала сув ресурслари чекланган, сувга талаб ошиб бораётган ва мамлакат аҳолиси сони ўсиб бораётган шароитда янада долзарб аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда водопровод-канализация хўжалигида тўпланиб қолган тизимли муаммо ва камчиликлар сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун қарздорликнинг ошиб боришига ва тўлов интизомининг пасайишига сабаб бўлиб, охир-оқибатда тармоқнинг умуман ривожланишдан ортда қолишига олиб келмоқда.

Энг аввало, сўз республика водопровод-канализация хўжалигида сувни ишлаб чиқариш, сарфлаш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш тизимининг амалда мавжуд эмаслиги ҳақида бормоқда.

Масалан, бугунги кунда республика бўйича сув олиш иншоотлари, сув қувурлари, водопровод тармоқлари ҳамда сув таъминоти ва сув чиқаришнинг бошқа объектларида сувни ҳисобга олиш ускуналари билан таъминлаш атиги 29,4 фоизни, истеъмолчиларни қамраб олиш эса 42 фоизни ташкил этади.

Оқибатда, амалиётда сувнинг етказиб берилиши, тўловлар ўтказилиши ва ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати, шунингдек, истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилиги таъминланмаяпти.

Бундан ташқари, уй-жой коммунал соҳасида сув таъминоти корхоналарини, жумладан менежмент ва дебитор қарздорлик ундирувини ташкил этиш масалаларини бошқаришда самарали тизим мавжуд эмас.

Бунинг оқибатида юзага келган водопровод-канализация хўжалиги корхоналарининг зарар билан ишлаши, шунингдек, мазкур корхоналарда катта миқдордаги кредитор ва дебитор қарздорликнинг мавжудлиги уларнинг молиявий аҳволини ички имкониятлар ҳисобидан яхшилаш имконини бермайди.

Водопровод-канализация тармоқлари ҳамда сув таъминоти ва сув чиқариш объектларининг аксарият қисмининг эскирганлиги, шунингдек, уларни янгилаш ва модернизация қилиш суръатининг пастлиги ҳам жиддий муаммолардан ҳисобланади.