Фан-техника | 12:00 / 20.11.2017
20434
2 дақиқада ўқилади

iPhone X билан боғлиқ яна бир муаммо аниқланди

Икки ҳафта аввал дунёнинг аксарият давлатларида сотувга чиққан iPhone X билан боғлиқ муаммолар яна биттага кўпайди. Бу эса компаниянинг қурилмани яратишда маблағларни тежашга қарор қилганидан дарак беради.

Гап шундаки, дунёдаги энг қиммат смартфоннинг корпуси бўёғи кўча бошлаган. Бу ҳақда Reddit форумида биринчилардан бўлиб iPhone X’ни сотиб олган ва ундан бир ҳафтача фойдаланганлардан бири маълум қилган. У илова қилган суратда смартфон металл корпусининг пастки қиррасида бўёқ кўча бошлаганини кўриш мумкин. Бу эса, кўринишича, Apple корпусни бўяшда маблағ тежаб, бунинг эвазига смартфоннинг ишлаб чиқарилишини арзонлаштиришга қарор қилганига ишорадир.

Шунга ўхшаш ҳолат iPhone 5 билан содир бўлганди. Бироқ у смартфон ҳозирги моделдан анча арзон турган ва бўёғи юқорида айтилгандек бир ҳафтада эмас, 2-3 ойдан кейин кўча бошлаган. Энди iPhone X эгалари қурилмани эҳтиёткорлик билан ва аяб тутсалар-да, унинг бўёғи ўчаверадиганга ўхшайди.  

Бошқача айтганда, Apple фойдаланувчиларига панд бериб қўйди. Савдолар олдидан компания ўз маҳсулоти сифати биринчи ўринда туришини таъкидланганди, бироқ амалда бунинг акси юз бермоқда. 

Ушбу муаммо ҳамма iPhone X’ларда эмас, бали маълум партияга тегишли қурилмаларда кузатилишига умид қилишгина қолади. Бироқ бунинг имкони жуда кам, чунки бўяш жараёни автоматлаштирилган ва бу муаммо барча iPhone X’ларда кузатилиши эҳтимоли катта.

Бундан ҳам аввалроқ, охирги моделдаги смартфон билан боғлиқ муаммолар чиққанди. Жумладан, смартфоннинг сенсор экрани совуқда ишламай қолиши, карнайида шовқин эшитилиши, экраннинг бир четида бутун экран бўйлаб кетувчи яшил чизиқ чиқиб қолиши, юзни таниш тизими ишончли ишламаслигидан шикоят қилинган. Айтиш жоизки, санаб ўтилган муаммолардан биринчи иккитасини ҳал қилишга муваффақ бўлинган. 

Мавзуга оид