Ўзбекистон | 14:50 / 20.11.2017
41105
3 дақиқада ўқилади

Пахтага чиқмагани учун ишдан ҳайдалган ходимлар ишга тикланди

Сурхондарё вилояти Узун туманидаги «Узун пахта тозалаш заводи» АЖ ходимлари жорий йилда пахта йиғим теримида иштирок этиш учун Жиззах вилоятига олиб келинган. Бу ҳақда «Kun.uz»нинг ишончли манбаси маълум қилди.

Корхонанинг 11 нафар ходими пахта йиғим теримида иштирок этмагани, яъни Жиззах вилоятига бормагани сабабли корхона ички меҳнат интизоми қоидаларини қўпол равишда бузишда айбланиб, шу йилнинг 13 октябрида иш берувчининг ташаббуси билан бир томонлама ишдан бўшатилган (меҳнат шартномаси бекор қилинган).

Маълум бўлишича, ходимлар касаба уюшмаларига шикоят йўллаган. Мазкур шикоят жойида ўрганилган ва ходимларнинг ишдан четлаштирилиши билан боғлиқ жараён ғайриқонуний равишда расмийлаштирилгани аниқланган. Шундан сўнг, касаба уюшмалари киритган хат асосида «Узун пахта тозалаш заводи» АЖ директори ўз буйруғига кўра барча ходимларни орадан роппа-роса 1 ой вақт ўтиб, аввалги иш жойларига тикланган.

Ходимларга бўш юрган вақтлари учун уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида компенсация тўлаб берилган. 

Шуни таъкидлаш лозимки, пахта йиғим теримида иштирок этиш барча учун ихтиёрий бўлиб, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра бирор бир корхона ходими пахта йиғим теримида иштирок этмаса, унга нисбатан шу корхонанинг ички меҳнат интизомини бузганлик важи билан жазо қўлланилиши мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси ва Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Конвенциялари талабларига кўра, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнат тақиқланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлов маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Яъни МЖтКнинг 51-моддасига кўра (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов) меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлов (қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда) - энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид