
Инсон 30 ёшга киргач, турмуши осон бўлиб қолмайди. Меҳнат пиллапоялари, бизнес, оила ташвиши, тураржой харид қилиш, оила аъзоларининг ортиши — бу ва бошқа омиллар куч ва вақтни олиб қўяди. Молиявий режалаштириш бўйича малакали мутахассис ва Beyond Your Hammock фирмаси асосчиси Эрик Роберг пулларни қандай тасарруф этиш бўйича фикрларини билдирди.
Ҳар куни юқоридаги муаммоларга дуч келган мижозларга кўмак берар эканман, пул билан муаммо бўлмаган тақдирда ҳам одамларнинг ташвиши етарли эканига амин бўлдим. Бироқ ётиб еганга тоғ ҳам чидамагандек, бойликни ҳам тўғри бошқариш учун бир неча оддий қоидаларга риоя қилиш фойдадан холи бўлмайди.
1. Имкониятингиз етганидан пастроқ шароитда истиқомат қилинг

Эҳтимол, сиз бу каби маслаҳатларни кўп бора эшитгандирсиз. Бироқ бу етарли маблағ тўплаш учун кифоя қилмайди. Агар ойига 2000 доллар ишлаб топсангиз ва 1999 доллар сарфласангиз, техник жиҳатдан сиз харажатларингиз даромадингиздан кам бўлишини таъминлаяпсиз ва қарз ботқоғига ботмайсиз. Шунга қарамай, бундай ҳаёт тарзи сизни миллионер қилмайди. Бой бўлиш учун бирмунча камтарона ҳаёт тарзини танлаш лозим. Даромадингиз ва харажатингиз ўртасидаги фарқ қанча катта бўлса, сиз молиявий мустақил бўлиш йўлидаги мақсадларингизга шунча тез эришасиз.
2. Сўм ёки доллар ҳақида эмас, балки неча фоиз даромадингизни жамғариб қўяётганингизга эътибор беринг

Айтайлик, сизнинг бир ойлик даромадингиз юқорида айтганимиздек 2000 доллар. Бунда сиз 800 долларни тежаб, сармояга ётқизаяпсиз. Бу даромадингизнинг сезиларли қисми ва яхши миқдордир. Энди тасаввур қилинг, сиз ойига 3000 доллар топа бошладингиз, бироқ ҳамон 800 доллар жамғараяпсиз. Табриклайман, сиз ўзингизни бошқара олмадингиз ва даромад ортиши билан буромадни ҳам оширдингиз. Узоқ истиқболда нафақат мутлақ маблағ миқдори, балки даромаддан келадиган даромад миқдори ҳам муҳим ўрин тутади. Агар сиз шунга риоя қила олсангиз, даромад ошгани сайин жамғарма миқдори ҳам оша бошлайди.



















