Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи мобайнида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайтирилишига қаратилган бир нечта муҳим келишувларга эришилди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги томонидан эркин савдо зонаси яратиш имконияти муҳокама қилинди ва икки давлат бозорларига имтиёзли киришни таъминлашнинг зарурлиги бўйича принципиал келишувлар амалга оширилди.

Бу борада вазирликлар раҳбарлари томонидан шу йил охиригача Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги имтиёзли савдо-сотиқ тўғрисида икки томонлама Келишув тайёрланиши бўйича Қўшма ишчи гуруҳининг биринчи учрашувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: Ташрифни ёритиш матбуот маркази

Ташриф доирасида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қабул қилинишида, хусусан, мазкур ташкилотга аъзо бўлишнинг натижасини баҳолаш, миллий қонунчиликнинг ЖСТ келишувлари талабларига мослиги экспертизаси ҳамда техник, консультатив ва манфаатдор вазирлик ва ташкилотларга мутахассислар кўмагини бериш йўллари орқали Корея Республикасининг қўллаб-қувватлаши бўйича меморандум ва Йўл харитаси имзоланди.

Ўзбекистонда ташқи савдодаги ҳамкорликнинг илғор шаклларини жорий этиш, ташқи савдо операцияларини ўтказиш ва экспортни рағбатлантириш билан боғлиқ тартиб-қоидаларнинг енгиллаштирилиши мақсадида томонлар илғор корейс тажрибаси асосида Ўзбекистон Республикаси электрон савдо Миллий платформасини яратиш тўғрисида келишувга эришдилар ва мазкур шартнома ижросининг амалда татбиқ қилиниши бўйича мувофиқ Йўл харитаси тасдиқланди.

«Ўзтрейд» АЖ KITA Корейс халқаро савдо ассоциацияси ва KTNET билан Ўзбекистон Республикасида электрон савдони ривожлантириш юзасидан ҳамкорликдаги фаолиятни ташкил этиш бўйича келишувга эришилиб, меморандум имзоланди.

Фото: Ташрифни ёритиш матбуот маркази

Корейс бозорига юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш мақсадида Корея саноат технологиялари институти (KITECH) ва Корея нодир металлар институти билан Ўзбекистон Республикасида Нодир металлар ва қотишмалар илмий-тадқиқот Марказига асос солиш бўйича шартнома тузилди.

Мазкур шартнома саноат ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини кенгайтиришда юқори технологиялар ва илғор корейс тажрибасини жорий этишга йўналтирилган икки томонлама музокараларнинг мантиқий давоми бўлди. Корея савдо, саноат ва энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкентда Тўқимачилик ўқув-тадқиқот технопарки фойдаланишга топширилган, шу йилнинг июль ойида эса Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш бўйича Ўзбек-Корейс марказига асос солиш бўйича қарор қабул қилинганди.